Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Электрон навбат жорий этилиши узоқ вақт кутиш азобидан қутқаради. Бу борада қандай амалий ишлар қилинмоқда?
2018-02-01 | Технологиялар
Кундалик ҳаётда ишимиз тез-тез тушиши мумкин бўлган соҳалар – поликлиника, банк, нотариат ва бошқа муассасаларга борганда узоқ навбат кутиш одамларни қийнаётган муаммолардан саналади. Бунга барҳам бериш мақсадида электрон навбатлар жорий этилаётгани қувонарли.
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманидаги 47-оилавий поликлиникада “электрон навбат” тизими ишга туширилди. Бу аҳолига шифокор қабулига интернет орқали ёзилиш имкониятини яратди. Шифокор қабулига келган бемор учун ҳам шу ернинг ўзида электрон навбат олиши мумкин.
Демак, беморнинг шифокор қабулига кириш вақти аниқ. Энди у эшик олдида сарғайиб ўтиришига ёки навбат талашиб асабини бузишига ҳожат йўқ. У бошқа ишларини қилиб ёки бошқа мутахассисларга учраб, қайтиб келиб ўз вақтида шифокор ҳузурига киради.
Бу амалиёт Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси томонидан замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда аҳолига қулайликлар яратишга қаратилган ишлар доирасида жорий этилди. Бу ҳақда қўмитанинг 2017 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобига оид мажлисида маълум қилинди.
– Кутиш вақтини фойдали ташкил қилиш мақсадида поликлиника ҳудудида wi-fi зона ҳам ташкил этилди, дейди қўмита аъзоси Улуғбек Самадов. – Бу орқали навбатини кутаётган фуқаро бепул интернет орқали саломатликка доир фойдали маълумотлар билан танишиб бориши мумкин. Поликлиника ўрнатилган мониторларда соғлиқни сақлашга оид фойдали маълумотлар тақдим этиб борилди. Бир сўз билан айтганда, поликлиникага келган фуқаронинг қулайликлардан кўнгли равшан тортади.
Поликлиникада барча даволанувчиларнинг 24 минг тиббий амбулатор карталари электрон ҳам форматга ўтказилган.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА