Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳаж ва Умрани ихтиёр этганлар учун семинар
2018-02-01 | Жамият
Фуқароларнинг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаш, “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ ишларнинг самарадорлигини янада ошириш баробарида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сонли, 2017 йил 28 декабрдаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги 1031-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида Гулистон туманида маҳалла фуқаролар йиғини раислари, диний-маърифат ва ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, имом хатиблар, тиббиёт ходимлари, “Маҳалла” ХЖФ туман бўлинмаси, МФЙ раисларининг кексалар бўйича ўринбосарлари, туман ички ишлар бўлими масъул ходимлари, туман хотин-қизлар қўмитаси ва Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси туман вакиллари ҳамда “Ҳаж” сафарига боришни ихтиёр этган фуқаролар иштирокида семинар йиғилиши ўтказилди.
Семинарни туман ҳокими А. Ибоддуллаев кириш сўзи билан очиб, семинарнинг мақсад ва вазифалари ҳақида гапирди.
Шундан сўнг мавзуга оид “Ҳаж” сафарини ташкил этиш борасидаги кўрсатув намойиш этилди. Семинар иштирокчилари ушбу кўрсатув орқали юртимизда “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот олиш билан биргаликда, “Мен Ҳаж сафарига бориш учун диний ва дунёвий жиҳатдан тайёрманми?” деган саволни ўзларига бериш имкониятига эга бўлдилар.
Вилоят ҳокими ўринбосари И.Мўминов бугунги кунда вилоятимизда ҳаж тадбирларини амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот бериш билан биргаликда, муҳтарам Юртбошимиз томонидан 2017 йил 1 сентябрь куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида фаоллар билан бўлган учрашувлар давомида айтиб ўтган фикрларига алоҳида тўхталиб ўтиб, “Ҳаж” тадбирига борадиган номзодлар моддий ва жисмоний жиҳатдан “Ҳаж” тадбирига қодирлигига, “Ҳаж” амалларини тўғри ва тўла-тўкис адо этиши учун етарли диний билимга, маънавияти, маърифати ва одоб-ахлоқи билан маҳаллада обрў-эътиборга эга бўлиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Номзоднинг оиласидаги муҳитнинг соғломлиги ва фарзандларининг ижобий тавсифланиши, маҳалла фуқаролар йиғинидаги ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилашда маҳаллада ибрат бўла олиши билан бирга, йўлдан адашганларни соғлом турмуш тарзига қайтариши, уларнинг ижтимоий мослашувига ёрдам бериши, маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказиладиган хайрия тадбирларида иштирок этиши билан бирга ушбу тадбирларга бош-қош бўла оладиган, маҳалла орасида обрў эътиборли фуқароларни сафарга бориш учун тавсия этиш, ушбу тавсия этилган фуқаролар Саудия Арабистони давлатида “Ҳаж” сафарини адо этиш жараёнида дунёнинг бошқа мусулмон давлатлари вакилларига ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган ҳожи она ва ҳожи оталар эканлигини кўрсата олишга қодир бўлиши кераклигини таъкидлаб ўтди.
Шунингдек маҳалла фуқаролар йиғинлари ва туманда ташкил этилган ишчи гуруҳи томонидан юқоридаги хислатларга эга бўлган муносиб фуқароларни танлаб, кўпчилик орасидан саралаб, ҳаж сафарига тавсия этилиши, ҳожиларнинг аҳоли орасида обрўсининг ортишига ҳам ўзининг ижобий таъсир кўрсатишини инобатга олиб, ишчи гуруҳлари томонидан фуқароларни саралашда жуда ҳам зийрак бўлишлари кераклигини уқтирди.
Шунингдек вилоят ҳокими ўринбосари томонидан бугунги кунда маҳаллалардаги қабристонларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, қабристонлар атрофини ўраш ишларига ҳам семинарда иштирок этаётган фаолларнинг ҳам масъуллигини таъкидлаган ҳолда, барча фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги мавжуд қабристонларни ободонлаштириш, зарур ҳолларда жойлардаги тадбиркорларни жалб этган ҳолда қурилиш ва таъмирлаш ишларига шу ерда ўтирган ёши улуғлар томонидан ҳам ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлиги тўғрисида тушунча берди.
Абдураҳмон НАЗИРҚУЛОВ,
Сирдарё вилояти ҳокимлиги жамоат ва диний
ташкилотлар билан алоқалар
котибияти мудири
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги