Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Адашган фуқароларга имконият берилди
2018-02-01 | Жамият
2017 йил 23 ноябрь куни соат 21:05 да Тошкент шаҳар Бектемир туманида Бектемир йўл-патруль хизмати томонидан олиб борилаётган тезкор тадбир чоғида Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳрига кириб келаётган фуқаро Мурод Ўртаев соҳа ходимларида шубҳа уйғотди. Суриштирув ва текширувлар натижасида унинг ёнидан марихуана гиёҳвандлик моддаси топилган.
Фуқаро буни таниши Илҳом Исоқовдан олганини айтгач, бу иш бўйича чуқурлаштирилган барча чора-тадбирлар кўрилди.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Бектемир тумани судида фуқаролар М.Ўртаев ва И.Исоқовнинг гиёҳвандлик моддаларини етиштириш, етказиб бериш ва истеъмол қилишга оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд томонидан уларнинг қилмишини ўзи тўла англамаган ҳолда содир этгани, муқаддам судланмагани, чин кўнгилдан пушаймонлиги, оилавий аҳволи, содир этган жиноятининг ёмон асоратларини тўла англамагани инобатга олинди. Уларга қўйилган айбловлар таҳлил этилиб, фуқаролар озодликка чиқарилди.
М.Ўртаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга шу моддага асосан иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда бир йил ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинланди.
И.Исоқов эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми, 25 ҳамда 273-модданинг 5-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор, деб топилди. Шу боис унга нисбатан қўлланилган “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси ўзгартирилиб, жазони очиқликда ўташи қатъий тушунтирилиб, суд залидан озод этилди.
Эндиликда улар жазони белгиланган тартибда ўтайди.
Ашёвий далил сифатида икки фуқародан олинган 4,63 грамм ва 115 грамм марихуана гиёҳвандлик моддалари йўқ қилинди.
Барно Мелиқулова, ЎзА
Манба: ЎзА