Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Профилактик ҳисобдан чиқарилган Сурхонбек Ёшлар иттифоқи туман кенгаши етакчиси бўлди
2018-02-01 | Жамият
Деҳқонободлик Сурхонбек Норпўлатов ёшлик қилибми ё қизиққонлиги боисми, синфдоши билан жанжаллашиб қолиб, профилактик ҳисобга тушади.
– Шундан сўнг оиламизда хотиржамлик йўқолди, – дейди Сурхонбек. – Менинг бу хатоим жабрини кўпроқ ота-онам тортди. Мен туфайли руҳан тушкунликка тушиб, “фарзандимнинг тақдири эртага қандай бўларкин?” деган ўй-ташвиш уларни тарк этмаслигини ич-ичимдан сезиб турардим.
Ана шундай кунларнинг бирида уйимизга Ёшлар иттифоқи етакчиси ва маҳалла посбони келиб, туман ҳокимлигига йиғилишга боришим кераклигини айтишди. Йиғилишда Ёшлар иттифоқининг вилоят ва туман кенгашлари масъуллари иттифоқнинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берди. Шундан сўнг спорт ва касб-ҳунарга йўналтириш бўйича "Ниҳол" спорт-соғломлаштириш оромгоҳига таклиф этилдим.
Оромгоҳда шахмат-шашка, стол тенниси, футбол, волейбол бўйича турнирлар, “Шунқорлар” ҳарбий спорт мусобақалари ўтказилди. Малакали мутахассислар (психолог, ҳуқуқшунос, тиббиёт ва тадбиркорлик йўналишларида) томонидан ҳар бир вояга етмаган ёш билан якка тартибда суҳбат ўтказилиб, уларнинг руҳияти, кайфияти, муаммо ва таклифлари ўрганиб чиқилди.
Шунингдек, оромгоҳда “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида маданий-маърифий учрашувлар ўтказилди. Миллий қадриятларимиз асосида “Ватан келажаги – сенинг қўлингда”, “Жаннатмакон диёрим” мавзуларида расмлар, “Мустақиллик менинг нигоҳимда” иншолар танлови ташкил этилди. Оромгоҳда ўтган биринчи кунимдан охирги кунгача барча лойиҳаларда фаол қатнашдим ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши тавсияси асосида муддатидан олдин профилактик ҳисобдан чиқарилдим. Бу мен, оила аъзоларим, ота-онам учун катта хушхабар бўлди.
Оромгоҳдан қайтгач, Ёшлар иттифоқи туман кенгашининг фаол аъзоси бўлишга ҳаракат қилдим. Бу орада касб-ҳунар коллежига ҳам ўқишга қабул қилиндим. Ўз устимда тинмай ишладим, яхши ўқиб, ўрганишим натижасида иттифоқнинг туман кенгаши етакчиси бўлдим.
Бугун мана шундай ютуқларга эришар эканман, биз ёшларга давлатимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятлардан оқилона фойдаланиб, юртимиз равнақи йўлида янада сидқидилдан ишлашим кераклигини англаб етдим. Тенгдошларимга менинг тақдирим сабоқ бўлиб, тўғри йўлдан адашманг, ота-онангизни қадрланг, бугунги тинч ҳаётимиз, бизга яратиб берилаётган шароитлардан унумли фойдаланинг, дейман. Ишонинг, юртимизда яхши яшаш учун, ўзинг яхши кўрган касбда ишлаш учун барча шароит бор. Имконни қўлдан бой берманг!
Ўлмас Баротов, Жамшид Норкобилов (сурат), ЎзА
Манба: ЎзА