Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар онлайн тарзда нострификация қилинади
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан “Нострификациялаш учун ҳужжатларни онлайн топшириш” интерактив хизмати ишга туширилди.
Республикамизда хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги қарори билан тасдиқланган «Хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисида Низом» асосида амалга оширилади.
Эндиликда хорижий олий таълим муассасасини битирганлик тўғрисида дипломни нострификация қилиш учун буюртмани онлайн тарзда расмийлаштириш мумкин.
Авваллари хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни нострификациялашда аризалар қўлда ёзилиб, ҳужжатлар билан бериларди. Бу оворагарчилик ва узоқ вақт талаб этарди. Ҳозирги онлайн-сервис хорижий дипломни нострификациялашдан ўтказишда Давлат инспекциясига ташриф буюриш сонини қисқартириш имконини беради.
Буюртманома кўриб чиқилгач инспекция ходимлари талабгорни суҳбатга ёки имтиҳонларга таклиф этади.
Манба: ЎзА