Азал-азалдан Шарқ маънавий-фалсафий жараёнларга бешик бўлиб келган. Айниқса Туронзаминнинг осори –атиқалари, ёзув маданияти, архитектура иншоотлари ҳамон жаҳон аҳлини ҳайратга солиб келмоқда. Қадимги Шумер, Миср, Хитой, Ҳиндистон, хулласи Турон халқлари яратган моддий-маънавий ёдгорликларни эслаб ўтишнинг ўзи кифоя.
Филология фанлари доктори, профессор Насимхон Раҳмонов муаллифлигидаги мазкур ўқув қўлланма ўзбек адабиётининг энг қадимги даврларидан, XV асрнинг биринчи ярмигача бўлган даврни қамраб олган. Қўлланмада биринчи марта қадимги туркий миф ва афсоналар, исломгача бўлган давр ёзма ёдгорликлари, ўзбек халқининг адабий ёдгорликлари ва ёзма манбалари сифатида батафсил ёритилган. Китобда Ўзбек адабиёти тарихи манбалари, янгича даврлаштириш тамойиллари ва адабий эстетик ҳамда диний -фалсафий нуқтаи назардан таҳлил қилинган. Китобда шу пайтгача диний асар сифатида қаралиб, адабиёт тарихидан ўрин олмаган ёзма ёдгорликлар ҳам, ўзбек адабиёти тарихининг нодир ёдгорликлари сифатида ўрганилган. Ушбу ўқув қўлланмада, аввалги қўлланмалардан фарқли равишда, ҳар бир ижодкорнинг ва бадиий асарнинг адабий-эстетик жиҳатларига асосий эътибор қаратилган.
Шунингдек, ўқув қўлланмада, қадимги туркий адабиётдан бошлаб, адабий жанрларда ва адабий шаклларда ўзгаришлар юз берган. Шу боис булар ҳақида ҳам, қисқа назарий билимлар бериш назарда тутилган ва қўлланмага “илова” берилган. “Илова”ни Гулистон давлат университетининг доценти, филология фанлари номзоди Музаффар Маматқулов ёзган. Ушбу қисмнинг масъул муҳаррири эса, Филология фанлари номзоди, доцент Ваҳоб Раҳмонов.
Манба: ЎзА