Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Медиа соҳа ва жамоатчилик фикри
2015-04-25 | Жамият
Ўзбекистон Фанлар академиясида "Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан "Жамиятда оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик фикри: тадқиқот муаммолари ва услублар" мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда сенаторлар, депутатлар, олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, ёш олимлар, тадқиқотчилар, экспертлар иштирок этди.
"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори Р.Убайдуллаева, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) С.Рашидова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, аҳолининг барча қатлами манфаатларини ҳимоялаш, юртдошларимизнинг ахборот олишга оид ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси миллий медиа соҳани равнақ топтириш, унинг жаҳон андозалари даражасида фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароит яратишнинг янги истиқболларини белгилаб берди. Унга кўра, ахборот соҳасига оид қонунчилик муттасил такомиллаштириб борилаётгани мавжуд ОАВ фаолиятининг сифат ва самарадорлигини ошириш, ахборот соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали нодавлат ОАВ тармоғини тобора кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 5 майдаги «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонуни бу жараёнда фуқароларнинг ахборот соҳасига оид ҳуқуқларини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари масъулиятини янада кучайтиришга хизмат қилмоқда. Мазкур қонун фуқаролик жамияти институтлари вакилларига давлат органлари фаолиятига оид ахборотларни тўсиқсиз олишнинг ишончли кафолатини яратиш имконини беради.
«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мамлакатимиз ва дунё ҳамжамиятининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётидаги энг долзарб масалалар бўйича жамоатчилик фикрини ўрганиш, мазкур соҳани такомиллаштириш юзасидан самарали фаолият олиб бормоқда. Жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида ўтказилаётган турли сўровлар, комплекс социологик тадқиқотлар жамият ҳаётининг турли жабҳаларига доир долзарб масалаларни ўз вақтида аниқлашда муҳим омил бўлмоқда.
Семинарда жамоатчилик фикрини ўрганишнинг долзарб масалалари ва тадқиқот услублари, ОАВ билан жамиятнинг ўзаро таъсирини ўрганиш юзасидан услубий ёндашувларга оид маърузалар тингланди. Муҳокама этилган масалалар юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Манба: ЎзА