Хабарингиз бор, футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 1-11 февраль кунлари Хитой Тайпейида ўтказиладиган Осиё чемпионатида иштирок этади.
Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасида мусобақа иштирокчиларини кузатиш маросими ўтказилди.
Тадбирда Миллий олимпия қўмитаси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти, мамлакат футзал терма жамоаси, куни кеча Осиё чемпионатида ғолиб бўлган бир қатор ёш футболчиларимиз, ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.
– Мана, куни кеча Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси Хитойда якунланган мусобақада чемпионликни қўлга киритиб, ўзбек халқига бир олам қувонч бағишлади. Улар мухлисларнинг ишончини қайтариб бердилар.
Уларнинг йўлини Сиз футзалчиларга ҳам тилаб қоламиз. Нима ёрдам керак бўлса очиқчасига айтинглар. Барча шароитни яратиб беришга тайёрмиз. Чемпион бўлиб қайтинглар. Сизларни ҳам ҳудди ёш футболчиларимиз сингари мукофотлар кутиб турибди. Ёшларимизнинг ғалабасини халқ байрам қилмоқда. Нима ёрдам керак бўлса бунга тайёрмиз. Ортингизда 33 миллионлик ўзбек халқи, мамлакат Президенти ва биз турганимизни эсдан чиқарманглар", – деди Миллий олимпия қўмитаси раиси ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси раисининг биринчи ўринбосари Умид Аҳмаджонов.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизматининг хабарига кўра, тадбир якунида Равшан Ҳайдаров Умид Аҳмаджоновга рамзий маънода Осиё чемпионатининг олтин медалини совға қилди. Олимпия терма жамоамизнинг етакчи футболчилари Рустамжон Ашурматов ва Жавоҳир Сиддиқовлар жамоадошлари номидан яратиб берилган шароитлар учун миннатдорчилик рамзи сифатида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевга эсдалик совғасини бериб қўйишни илтимос қилиб, Умид Аҳмаджоновга топширди.
Эслатиб ўтамиз, футзалчиларимиз қитъа чемпионатининг "В" гуруҳида Япония, Тожикистон ва Жанубий Корея терма жамоалари билан ўзаро рақобатлашади .
Ўзбекистон футзал терма жамоаси турнирдаги илк ўйинни 1 февраль куни Жанубий Корея терма жамоасига қарши бошласа, 3 февраль куни Тожикистонга қарши паркетга чиқади. Гуруҳдаги сўнгги ўйин эса 5 февраль куни Японияга қарши бўлиб ўтади.
Манба: ЎзА