Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Тинчлик ва ҳамжиҳатлик – бебаҳо бойлик

2018-01-29 | Жамият

"Ўзбекистондаги миллатлараро дўстлик, меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат муҳитини дунёнинг ҳеч қайси гўшасида учратмайсиз. Бу ердаги турли миллат ва диний конфессияларнинг ўзаро аҳиллиги, одамларнинг бағрикенглиги, ягона оила фарзандларидек юрт равнақи йўлидаги интилиши, ўз тақдирини шу табаррук замин билан чамбарчас боғлагани энг катта бахтимиздир."

Ўзбекистон Рус миллий маданий маркази вакили Руслан Мушуров айтган бу самимий фикрлар юртимизда истиқомат этаётган барча фуқаролар кўнглидаги гапларга уйғундир. 
 
Ўзбекистон давлат консерваториясида Рус миллий маданий маркази томонидан ташкил этилган ёшлар форуми иштирокчилари мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, миллатлараро аҳиллик муҳитини сақлашдек масъулиятли жараёнда ёшлар фаоллигини ошириш каби масалалар хусусида сўз юритди. 
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари К.Эшонхўжаев, Рус миллий маданий маркази раиси А.Аристов ва бошқалар азалдан заминимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўзаро ҳамжиҳатликда истиқомат қилиб келаётганини таъкидлади.
 
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги фармонда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Айни пайтда турли ёт ғоялардан ёшларни ишончли ҳимоялаш, юртимизда жадал кечаётган жараёнлар, миллатлараро ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлашга доир эзгу саъй-ҳаракатларда ёшларнинг иштирокини кучайтириш долзарб масаладир. 
 
Форум доирасида давра суҳбати ўтказилиб, унда талаба-ёшлар, олий таълим даргоҳларининг ўқитувчилари, миллий маданий марказларнинг вакиллари мавзуга доир ўзаро фикр алмашиш имконига эга бўлди. 
 
– Дўстларим, дугоналарим турли миллат вакиллари, – дейди Наталья Никишина. – Жонажон Ватанимизда барча миллат ва элатларнинг анъаналарини ривожлантиришга кўрсатилаётган эътибор, миллатлар ўртасидаги дўстликни асраб-авайлаш борасида узоқни кўзлаб олиб борилаётган сиёсат тараққиётимизнинг, бошимиз узра мусаффо осмонимизнинг, осуда кунларимизнинг асосий омилидир. 
 
Тадбирда бу каби форумларни пойтахтимиз ва юртимизнинг барча ҳудудларида ташкил этиш, уларга ёшларни кенг жалб этишнинг истиқболдаги режалари белгиланди. 
 
Миллий маданий марказларнинг бадиий жамоалари иштирокида мусиқий дастур намойиш этилди.
 

Назокат Усмонова, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться