Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Уй тўйлари нишонланди
2018-01-29 | Жамият
Инсон манфаати ҳар нарсадан улуғ, шаъни олий қадриятдир. Шу жиҳатдан олганда, юртимизда эҳтиёжманд, имконияти чекланган фуқароларга меҳр-мурувват, ғамхўрлик кўрсатилиб, уларнинг орзу-истакларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланиб бормоқда.
Жумладан, 2017 йилда Қарши шаҳрида замонавий қулайликларга эга 7 та арзон кўп квартирали уй-жой ўз эгаларига топширилди. Шу билан бирга, вилоятнинг қишлоқ жойларида ҳам кўплаб намунавий лойиҳалар асосидаги 2, 4, 6 сотихли уй-жойлар қад ростлади.
Қарши шаҳридаги 5 нафар имконияти чекланган фуқаро Президент совғаси – замонавий янги уйларда Янги йил байрамини кутиб олишди. Бинобарин, юртимизда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмаслиги, ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган инсонларнинг ҳаётдан розилигини ва эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга алоҳида аҳамият берилаётганини янада аниқ ҳис қилдилар. Вилоят ҳокими Зафар Рўзиев хонадон эгаларини янги уй билан қутлади.
– Янги уй эгаси бўлганимдан бошим осмонга етди, – дейди Қарши шаҳридаги янги хонадон соҳибаларидан бири, II гуруҳ ногирони Дилрабо Аҳмедова. – Анча йиллар илгари бахтсиз ҳодиса туфайли юролмай қолдим. Кайфиятим жуда тушкун эди. Президентимизнинг ҳимматидан дилим ёришди, эртанги кунга умид уйғонди. Хасталигимни унутгандек бўлдим. Қалбимда янги орзулар пайдо бўлди. Ўзимни бахтли аёллар сафида юргандек ҳис қилдим. Қўлим доим дуода. Юртимиздаги тинчлигу хотиржамлик, тараққиётга кўз тегмасин.
Дарҳақиқат, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги «2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Қарши шаҳрида 1 минг 701 хонадонли, жами қирқта кўп қаватли турар жой қурилиши белгиланган. Жорий йилда 315 та хонадон эгалари Янги йил байрамини янги уйларда қарши олишди. Бу каби эзгу ишлар кейинги йилларда ҳам тизимли давом эттирилади. Хусусан, жорий йилда Қарши шаҳрида 14 та ана шундай арзон нархдаги кўп қаватли уйлар қурилади. Айни пайтда Қарши шаҳридаги «Жайхун» кўчасида 2 та, «Ўзбекистон» кўчасида 5 та уй қурилиши жадал олиб борилмоқда. Ойдин маҳалласидаги уйларнинг эса пойдевор ишлари бошлаб юборилган.
Янги йил арафасида, шунингдек Шаҳрисабз шаҳри, Касби, Миришкор, Косон, Муборак, Ғузор, Нишон, Деҳқонобод, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Чироқчи ва Қамаши туманларидаги имконияти чекланган фуқароларга ҳам янги уйлар калитлари топширилди.
Барча туманларда уй топшириш маросими тантанали ташкил этилди.
Сайид МЕЙЛИЕВ,
«O‘zbekiston bunyodkori» мухбири.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Архитектура ва қурилиш қўмитаси