Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунига киритилган ўзгартиришларга бағишланган семинар бўлиб ўтди
2018-01-29 | Жамият
Жорий йилнинг 26 январь куни Ўзбекистон Республикасининг «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Рақобат тўғрисида»ги Қонунларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун ва моҳиятини тушунтиришга бағишланган семинар бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Вазирлар Маҳкамасининг 10.05.2017 йилдаги 268- сонли «Фонд биржасида акцияларни оммавий таклифини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан ҳам тақдимот бўлиб ўтди.
Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилган ушбу анжуманда ОАВ, хўжалик бошқаруви органлари, қимматли қоғозлар бозори инфратузилмаси ташкилотлари ва акциядорлик жамиятлари вакиллари иштирок этишди.
Ушбу тадбирда, манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш ҳамда шўба ва қарам хўжаликларининг асосий жамият фаолиятига таъсир кўрсатишини олдини олиш мақсадида Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» рейтинги (Doing Business) экспертлари тавсияларига асосан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси ва «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалари киритилганлиги маълум қилиниб, унга кўра:
- шўба ва тобе хўжалик жамияти ўз мулкида ўз асосий жамиятининг овоз берувчи акцияларига эга бўлишга ҳақли эмас. Ушбу тақиқ кучга киргунига қадар ўз асосий жамиятининг овоз берувчи акцияларини олган шўба хўжалик жамияти асосий жамият акциядорларининг умумий йиғилишида овоз беришга ҳақли эмас;
- жамиятнинг шўъба ва тобе хўжалик жамиятларида меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахслар ва ушбу жамиятлар бошқарув органларининг аъзолари асосий жамиятнинг кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас.
Шунингдек, «Рақобат тўғрисида»ги қонуннинг 16 ва 17-моддалари янги таҳрирда қабул қилинган бўлиб, уларга кўра:
хўжалик субъектларининг бирлашмаларини ташкил этишда монополияга қарши органнинг (Давлат рақобат қўмитаси) олдиндан розилиги берилмайди;
монополияга қарши органнинг шахс ёки шахслар гуруҳи томонидан хўжалик юритувчи субъект устав капиталидаги акцияларни (улушларни) олиш бўйича битимларга олдиндан розилиги (қонуннинг 17-моддасида кўрсатилган ҳолатлар бундан мустасно) қуйидаги холларда зарур:
- бундай шахс ёки шахслар гуруҳи кўрсатилган акцияларнинг (улушларнинг) 50% ортиғини тасарруф этиш ҳуқуқини олса (олдин 35%, 50% ва 75% бўлган);
- битимда иштирок этаётган шахслар активларининг жами баланс қиймати ёки охирги календарь йилда товарларни реализация қилишдан олинган жами тушум энг кам ойлик иш ҳақининг юз минг баравари миқдоридан ортиқ бўлса ёхуд битим иштирокчиларидан бири товар ёки молия бозорида устун мавқени эгаллаб турган хўжалик юритувчи субъект бўлса.
Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари «Кварц» АЖ, «Қўқон механика заводи» АЖ ва «Шаҳрисабз вино-ароқ» АЖ акцияларининг оммавий таклифини амалга оширилиши жараёни юзасидан тақдимот билан танишиш имкониятига эга бўлишди. Хусусан, «Кварц» АЖ вакиллари жамият акцияларини аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига таклиф этиш билан боғлиқ тадбирлар ҳақида сўзлаб беришди.
Анжуман якунида мавзулар бўйича фикрлар алмашинуви бўлиб ўтди. ОАВ вакиллари ва қолган иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларни йўллаб, уларга жавоб олиш имконига эга бўлишди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги