Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар билан танишди
2018-01-28 | Сиёсат
Қашқадарё вилоятида 2018-2019 йилларда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режасига кўра 167 та лойиҳа амалга оширилади. Уларда тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш, тармоқни ахборот технологиялари билан таъминлаш кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари сайёҳлар учун меҳмонхоналар, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудлар ташкил этиш, туристларга миллий маданиятимизни кенг намойиш қилиш зарурлигини таъкидлади.
Президентимизнинг «Тадбиркорлик фоалияти учун солиқ юкини камайтириш, солиқ тўловчиларни тўлиқ қамраб олиш ҳамда маҳаллий бюджетлар даромадлари базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган таклифлар, Қашқадарё вилояти бўйича асосий иқтисодий кўрсаткичлар ва солиқ тўловчилар сони, йирик корхоналар томонидан бюджетга тўланадиган тўловлар, жорий йилги прогноз кўрсаткичлар ҳақидаги маълумотлар кейинги тақдимотда намойиш этилди.
Шавкат Мирзиёев аҳолининг дунёқарашини ўзгартириш, солиқ базасини кенгайтириш эвазига бюджетга тушумларни кўпайтириш бўйича кўрсатмалар берди.
Қашқадарё вилоятида ичимлик сув таъминотини яхшилаш, Тошгузар-Шаҳрисабз-Китоб темир йўлини модернизация қилиш ва электрлаштириш ишлари тўғрисида маълумот берилди.
Президентимиз жорий йил 1 августгача «Афросиёб» поезди қатновини Шаҳрисабзгача йўлга қўйиш бўйича кўрсатма берди.
Шаҳрисабз шаҳар ва туманида меҳнат бозорини барқарорлаштириш, ишсизларни касбга ўқитиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Шавкат Мирзиёев барча лойиҳалар юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти