ССП ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж судида 1 миллиард 844 миллион долларлик низоли ишлар кўриб чиқилган
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди фаолият бошлагандан бери даъво суммаси 1 миллиард 844 миллион 388 минг АҚШ доллари бўлган 6 та низони кўриб чиққан. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Халқаро тижорат арбитраж суди раиси Ф.Отахонов сўзларига таяниб Палата матбуот хизмати хабар тарқатди.
Ф.Отахоновнинг таъкидлашича, 188 минг 600 долларлик битта иш юритишдан тугатилган, 820 минг 43 долларлик яна битта иш юритувдан тўхтатилган. Қолган тўрттаси бўйича ҳал қилув қарори қабул қилиниб, жавобгарлардан жами 808 минг 535 доллар ундирилган.
Халқаро тижорат арбитраж судига келиб тушган низолар бўйича даъвогар сифатида Беларусь Республикаси, Қозоғистон, Ўзбекистон ва жавобгар сифатида Ўзбекистон, Хитой, Дания, Германия компаниялари иштирок этган.
Эслатиб ўтамиз, Халқаро тижорат арбитраж (ҳакамлик) суди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси Ижроия қўмитасининг 2011 йил 1 февралдаги қарорига асосан ташкил қилинган. Суд ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида” ва “Ҳакамлик судлари тўғрисида”ги қонунлари, регламент ва низомга мувофиқ амалга оширади.
Манба: ЎзА