Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Жиззахда жанговар шайликни ошириш мақсадида махсус тактик ўқув ўтказилди

2018-01-26 | Жамият

Жиззах шаҳри ҳудудида Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг режасига мувофиқ шахсий таркибни жанговар шайлигини ошириш бўйича ўтказилган махсус тактик ўқувда ҳарбийлар, Миллий гвардия, прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар, божхона, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари иштирок этишди.

Ушбу тузилмаларга Жиззах шаҳри ҳудудида оммавий тартибсизликлар келтириб чиқарган 120 нафар фуқародан иборат оломонни аҳолига зарар етказмасдан қуршаб олиш, улар билан музокара олиб бориб, муаммоларини тинч йўл билан ҳал этиш вазифаси топширилганди. Вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармасига қарашли стадионда аҳоли томонидан оммавий тартибсизлик вазияти юзага келтирилди.

Оммавий тартибсизликларни юзага келтирганлар орасида ноқонуний тарзда чегарани бузиб ўтган экстремистик гуруҳлар аъзолари борлиги, улар оломонни Жиззах шаҳар ҳокимлигига қарши қайраб келганлиги маълум бўлди. Шаҳар ҳокимлиги ва диний идора вакилларининг оломон раҳбарлари билан олиб борган музокараси ижобий якун топмади. Тартиббузарлар уларнинг сўзларига қулоқ солмай, йўлларида дуч келган дўкон ва бошқа шохобчаларга ўт қўя бошлашди. Ички ишлар ва бошқа махсус гуруҳлар ходимлари томонидан тартиббузарлар қуршаб олинди. Лекин улар ҳеч кимга бўйсунмай ҳужумга ўтишди. Барча куч ва воситалар ушбу ҳужумни бартараф этишга қаратилди. Тартиббузарлар ва жиноятчилар қўлга олинди. Жиноятчилардан бири «камикадзе» бўлиб, белига портловчи моддалар бойлаб қўйилганлиги маълум бўлди. У воқеа жойида ҳалок бўлган. Аммо ундаги портловчи модда атрофдагиларга ҳамон хавф солиб турибди. Зудликда сапёрлар томонидан портловчи модда зарарсизлантирилиб, йўқ қилинди. Тартиббузарлар ўт қўйган жойлардаги ёнғинлар ёнғин хавфсизлиги ходимлари томонидан ўчирилди.

Тадбир давомида жароҳат олганларга тиббий ёрдам кўрсатилди. Тартиббузарликлар бартараф этилди. Аҳолига зарар етказилмади.

—Мазкур тадбир режасига биноан бир гуруҳ қуролланган жиноятчилар 120 нафар фуқароларни шаҳар ҳокимлигига қарши қўйиб, уларни оммавий тартибсизликлар келтириб чиқаришга ундайди, — дейди вилоят ИИБ бўлим бошлиғи, подполковник Достон Жонодилов.—Фуқароларнинг бу ноқонуний ҳаракатларини тўхтатиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тактик ўқув пайтида ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг махсус гуруҳлари, ҳарбийлар биргаликда ҳаракатларни амалга оширишди. Ўқув муваффақиятли якунланди, барча белгиланган вазифалар тўлиқ бажарилди. Тадбир якунида иштирокчиларнинг ҳаракатларига баҳо берилди, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Белгиланган иккинчи тадбирда қуролланган икки нафар ўта хавфли жиноятчини қўлга олиш режаси ишлаб чиқилди.

— Шартли номи «Жиззах шаҳри хавфсизлигини таъминлаш» деб аталган тадбирда чегарани бузиб ўтган икки жиноятчи «Матиз» русумли автомобильда Йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимининг тўхташ кўрсатмасига риоя қилмай, қочиб кетганлиги тўғрисида вилоят ИИБ навбатчилик бўлимига хабар қилинади,—дейди вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи, полковник Хўжамурод Ахмуратов биз билан суҳбатда. —Ушбу жиноятчиларнинг қуролланганлиги тўғрисида маълумотлар бор. Бу жиноятчиларни қўлга олиш бўйича тактик ўқув машқи ўтказилиб, махсус гуруҳларнинг ҳаракатларига баҳо берилади.

Соат 15.00 да тадбирга старт берилди. Қуролланган икки жиноятчи «Матиз» русумли автомобильда Кимёгар маҳалласидаги етти қаватли эски бинога шитоб билан кириб кетди. Ўқ овозлари янгради. Уларни қувиб келган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг ”Некция” русумли автомобильи дарвоза олдида тўхтади. Бу орада етиб келган махсус гуруҳлар бино атрофини ўраб олишди. Жиноятчиларнинг бино ичкарисида икки-уч бор автоматдан ўқ узишганлиги эшитилди.

Воқеа жойига етиб келган махсус гуруҳларнинг жиноятчиларни қўлга олиш ҳаракатидан олдин шаҳар ҳокимлиги ва диний идора вакиллари уларни музокарага чақиришди.

«Ҳурматли фуқаролар! Ноқонуний ҳаракатларингизни тўхтатинг, ахир Сизларнинг ҳам ота-онангиз, фарзандларингиз бор, барча масалаларингиз ижобий ҳал этилади» дея уларга мурожаат этишди. Афсуски, жиноятчилар уларнинг гапига қулоқ тутмай, қамоқда ётган биродарларини қўйиб юборишни талаб қила бошлашди. Улар ўзларининг ноқонуний ҳаракатларини тўхтатмадилар. Бу пайтда зирҳланган жанговар техника ва махсус гуруҳлар бинони қуршаб олиб, штурм қилишга тайёр турар эди. Жиноятчиларни қўлга олишга буйруқ берилди. Ҳужумга ўтилди. Бир зумда икки нафар жиноятчи қўлга олиниб, махсус машиналарда олиб кетилди. Бу пайтда бинонинг бешинчи қаватида ёнғин юзага келди. Ўт ўчирувчилар тезда етиб келиб ёнғинни ўчиришга муваффақ бўлдилар. Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари эса бинонинг тўртинчи қаватида жабрланган фуқарони махсус арқонлар ёрдамида пастга туширишди. Унга тез тиббий ёрдам кўрсатилди.

Махсус тактик ўқувнинг иккинчи куни Жиззах шаҳрида ички ишлар назорат постлари фаолиятини кучайтириш бўйича тадбирлар ўтказилди. Машғулотларда ҳарбийлар, Миллий гвардия, прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, божхона, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ва тиббиёт ходимларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари яхши самара берди. Ўқув сўнгида машқлар муваффақиятли якунланганлиги қайд этилди ва тадбир давомида олиб борилган ҳаракатлар юзасидан фикр алмашинди, таклифлар ўртага ташланди.

 

Жиззах вилояти ички ишлар матбуот гуруҳи

Манба: Жиззах вилояти ҳокимлиги

Поделиться