Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Ижтимоий сўров: Ўзбекистон аёллари иқтисодий мустақил бўлишни хоҳлайди

2018-01-26 | Жамият

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Ўзбекистон аёллари – 2017: ижтимоий мавқе ва кайфият» мавзусида ўтказилган сўровда Ҳаракатлар стратегияси доирасида қабул қилинган аёлларнинг ижтимоий мавқеини юксалтиришга йўналтирилган чора-тадбирларнинг нечоғли самара бераётгани аниқланди. Шунингдек, аёлларнинг ижтимоий эҳтиёжлари ва мақсадлари ўрганилди.

Шаҳар ва қишлоқ жойларда яшайдиган турли миллат, ижтимоий гуруҳга мансуб, ишлаб чиқаришнинг турфа соҳа ва жабҳаларида фаолият юритаётган 18 ва ундан катта ёшдаги аёллар қатнашган сўров натижалари аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётгани, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий ҳаётнинг барча жабҳаларида фаолият юритаётгани, давлат идоралари ва жамоат ташкилотлари ишида фаол иштирок этаётганини кўрсатди. 
 
Давлатимиз раҳбари томонидан ривожланишнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида юритилаётган ва Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган ижтимоий-иқтисодий тараққиёт истиқболлари туфайли Ўзбекистон аёллари ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун қўшимча шароитлар яратилмоқда, уларнинг давлат ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиши, ижтимоий ва иқтисодий фаоллашуви, интеллектуал ва маънавий етук бўлиши, касбий ва оилавий мажбуриятларини уйғунлаштира олиши учун имкониятлар пайдо бўлди. 
 
Тадқиқот натижаларига кўра, сўнгги йилларда аёлларнинг ўзларининг ҳуқуқий ҳимояланганига ишончи ортган. Респондентларнинг 81,1 фоизи ҳуқуқлари бузилса давлат, ижтимоий ва фуқаролик институтларидан кўмак олиши мумкинлигини билдирган. Давлатимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига асосланган мустаҳкам ҳуқуқий базаси аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари самарали таъминланишини кафолатлайди. 
 
Иштирокчилар бу жараёнда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий этилган фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқот олиб бориш тизими – Халқ қабулхоналари катта аҳамият касб этаётганини таъкидлади. 
 
Сўров натижалари аёлларнинг муносиб ва замонавий таълим олишга барқарор ижобий муносабатини кўрсатди. Аксарият иштирокчилар (74,3 фоиз) фикрича, замонавий аёл учун олий маълумот муҳим аҳамиятга эга. 
 
Бу кўп жиҳатдан аёллар учун меҳнат муҳим ҳаётий қадрият экани, улар меҳнатни жамиятда ўз мавқеини белгилаш ва ижодий салоҳиятини амалга ошириш имконияти сифатида қабул қилиши билан ифодаланади. Иштирокчиларнинг аксарияти аёллар уйдан ташқарида ҳақ тўланадиган ишга эга бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Бу аёлга оиланинг моддий фаровонлигига ҳисса қўшиш билан бирга, иқтисодий жиҳатдан мустақил бўлиш имконини тақдим этади. 
 
Тадқиқотлар аёлларнинг у ёки бу меҳнат фаолияти билан шуғулланишининг асосий сабабини аниқлади. Респондентларнинг 41,7 фоизи маълумоти ва малакасига мос касбда фаолият юритади, 30 фоизини касбига хос ижодий хусусият жалб этган, улар ўзларини қизиқтирган фаолият билан машғул, ҳар ўнинчи аёл эса ишда ва оилада ўз мажбуриятини уйғунлаштириш учун эркин жадвал асосидаги иш ўринларини танлаган. 
 
Сўровда қатнашган аёлларнинг кўпчилиги ўзини фаолият турини ўзгартиришга, янги касбни эгаллашга қодир, деб ҳисоблайди. Сўров натижалари мониторингидан аёлларнинг меҳнат муносабатлари фаоллашгани, 2015 йилда 69,5 фоиз бўлган кўрсаткич 2017 йилда 77,9 фоизгача ошгани маълум бўлди. Ўзига бўлган ишонч туфайли меҳнат муносабатлари фаоллашган респондентларнинг аксариятини ёшлар ташкил этади. 
 
Ўтказилган сўров натижасида Ўзбекистон аёлларининг фаол ишбилармонлик фаолиятига жиддий қизиқиши маълум бўлди: иштирокчиларнинг 20,2 фоизи тадбиркор сифатида фаолият юритади, 24,2 фоизи эса ўз ишини бошлаш истагида. Бундан ташқари, 84,2 фоиз респондент аёллар ижтимоий-сиёсий фаолият билан шуғулланиши кераклигини маъқуллайди. 
 
Сўров аёлларнинг аксарияти ҳаётда муайян мақсадларга эришишга интилишини кўрсатди. Иштирокчиларнинг ҳаётдаги асосий мақсади оила қуриш, унинг фаровонлигини мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, уларни мустақил ҳаётга тайёрлашдан иборатдир. Бунда аёлларнинг асосий қисми ўз мақсадига эришишига, орзу-истаклари рўёбга чиқишига қатъий ишонади. 
 
«Айни пайтда ҳаётингиздан нечоғли қониқасиз?» деган саволга берилган жавоб жамиятда юзага келган замонавий ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг барқарорлиги, унга нисбатан аёлларнинг умумий ҳиссий-баҳоловчи муносабатини билдиради. 
 
Сўров натижаларидан 88,1 фоиз аёллар ўз ҳаётидан мамнун экани, 76,1 фоизи эса ўзларини бахтли ҳисоблаши маълум бўлди. 
 
Умуман, ўтказилган сўров давлат ва жамиятнинг барча соҳаларида юз бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган демократик ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан бир қаторда Ўзбекистон аёлларининг тафаккури ва дунёқараши ҳам ўзгараётгани, ижтимоий фаоллиги ва фуқаролик онги ошаётгани, фуқаролик позицияси ва келажакка ишончи мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатди. 
 
"Ижтимоий фикр" жамоатчилик фикрини
ўрганиш маркази материаллари асосида тайёрланди.
 
 
Лиля Пак, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться