Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Республикаси Президенти Матбуот хизмати ҳузурида ташкил этилган пресс-холлнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди
2018-01-26 | Жамият
Брифинг тарзида ташкил этилган мазкур тадбирда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 25 январдаги "Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти оммавий ахборот воситалари ходимларига атрофлича тушунтирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Р.Қосимов ушбу ҳужжатларни шарҳлаб, мамлакатимизда ота-оналар, ўқитувчилар, ёшлар, кенг жамоатчилик фикрини пухта ўрганиш ва таҳлил этишга алоҳида эътибор билан ёндашилганини таъкидлади. Юқорида номи келтирилган фармон асосида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб мажбурий умумий ўрта таълим узлуксиз 11 йиллик таълим негизида олиб борилади. Мазкур ҳужжатга кўра, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб касб-ҳунар коллежларига ўқишга қабул қилиш умумий ўрта таълим мактабларининг 11-синф битирувчилари ҳисобидан, ихтиёрийлик асосида, тегишли мутахассисликка (касбга) эга бўлиш учун 6 ойдан 2 йилгача бўлган таълим муддатларида амалга оширилиши кўзда тутилган. Айни пайтда ушбу фармон мавжуд касб-ҳунар коллежлари фаолиятини оптималлаштириш, кадрларга бўлган реал эҳтиёжни, иш берувчи корхоналар таклифлари асосида иқтисодиёт соҳа ва тармоқлари учун зарур мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича касб-ҳунар коллежлари фаолиятини мувофиқлаштириш имконини беради.
Мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати, малакаси ва тезкорлигини оширишдек мақсадларни кўзлаши билан аҳамиятлидир. Давлатимиз раҳбарининг “Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тез тиббий ёрдам самарадорлигини таъминлашда муҳим қадам бўлди. Унга кўра, эндиликда мулк шаклидан қатъий назар, тегишли вазиятларда тиббиёт муассасаларининг барчаси беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатади. Малакали тез тиббий ёрдам кўрсатишни рад этиш қонун бўйича тақиқланади. Қарорда, шунингдек, тиббиётнинг мазкур тезкор тизимини энг замонавий алоқа ва техника воситалари билан таъминлаш, бирламчи тиббий ёрдам муддатини янада қисқартириш, унинг сифатини яхшилаш, бу борада илғор иш услубларини жорий этиш билан боғлиқ амалий чора-тадбирлар кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур ҳужжатлар аҳоли барча қатламларининг манфаатларини таъминлаш, юртдошларимизни кучли ижтимоий ҳимоялашга хизмат қилади.
Манба: ЎзА