Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ички ишлар вазирлиги ёшларни ишга таклиф этмоқда
2018-01-26 | Жамият
Муножатхон Темирова ёшлигидан ҳарбий шифокор бўлиш истагида. Ҳарбийлар оиласида улғайгани унинг мазкур соҳага иштиёқини оширса, орзулари шифокорлик томон етаклайди. Ҳозир у Тошкент педиатрия тиббиёт институтида таҳсил олмоқда.
Тошкент педиатрия тиббиёт институтида ташкил этилган тадбир Муножатхон каби келгусида меҳнат фаолиятини ички ишлар тизимидаги даволаш-профилактика муассасаларида давом эттириш истагидаги ёшларни соҳага жалб этишга бағишланди.
Тадбирда соҳадаги мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берилди.
Ички ишлар вазирлиги тиббиёт бошқармаларида шифокорлар учун барча шароит яратилган. Ички ишлар идоралари ходимлари уй-жой билан таьминланмоқда. Ижарада турганларга ижара тўловлари, мутахассисликлар бўйича малака ошириш тўловлари тўлаб берилмоқда.
Бундан ташқари, режа асосида шифокорларнинг касб малакасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
– Ички ишлар тизимига ишга кириш истагида бўлган ёшлар учун махсус талабларимиз бор, – дейди Ички ишлар вазирлиги кадрлар бош бошқармаси масъул ходими Н.Ҳақбердиев. – Ўзбекистон фуқароси бўлган, тегишли мутахассислик дипломига эга ёшлар икки босқичдан иборат синовдан ўтади. Бунда суҳбат, ҳарбий-тиббий кўрик каби синовлар топширилади.
ИИВ тизимида ишлаш истагидаги ёшлар учун маълумот ўрнида айтиш лозимки, ҳозир тизимдаги ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, тергов, даволаш-профилактика йўналишларида, шунингдек, патруль-пост хизмати, қўриқлаш бўлинмаларида бўш иш ўринлари мавжуд.
Манба: ЎзА