Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Нефть-газ соҳаси самарадорлиги ва истиқболлари муҳокама қилинди

2018-01-25 | Сиёсат

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 25 январь куни “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти тизимида геология-қидирув ва қазиб олиш ишлари самарадорлиги, ёқилғи материаллари билан ички эҳтиёжни таъминлашнинг аҳволи, тизимдаги истиқболли вазифалар ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, нефть-газ саноати соҳасида ҳам қатор ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги «Нефть-газ соҳасининг бошқарув тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув тизими такомиллаштирилди.

Углеводород хом ашёсини қазиб олишни кўпайтиришнинг 2021 йилгача бўлган дастури ва уни амалга ошириш механизмлари тасдиқланди.

Мамлакатимизда ер ости бойликлари кўп. Уларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш бўйича янги тизим яратилди. Хўш, юртимиз бойликлари халқимизга қандай манфаат келтирмоқда, деди давлатимиз раҳбари.

2017 йилда нефть ва газ конденсати қазиш, суюлтирилган газ ишлаб чиқариш бўйича белгиланган режа бажарилган. Лекин тармоқда йиллар давомида кўплаб муаммолар тўпланиб қолган.

Захиралар етарли даражада ошириб борилмагани сабабли 2017 йилда табиий газ қазиш ва нефть маҳсулотлари ишлаб чиқариш прогнози етарли даражада бажарилмаган. Геология-қидирув жараёнидаги бурғилаш ҳажми бўйича прогноз 77 фоизга бажарилган. Агар бу ишлар тўлиқ адо этилганида захирани янада ошириш мумкин бўлар эди.

Шунингдек, эксплуатацион бурғилаш ишлари прогнози 49 фоизга ва қурилиши тугатилган қудуқлар сони прогнози 53 фоизга бажарилган, холос.

Табиий газ қазиш қувватлари ҳамда тарқатиш тармоқларини модернизация қилиш ва таъмирлаш ишлари ҳам етарли даражада эмас. Бунинг оқибатида газ қазиб олишдан бошлаб, уни истеъмолчига етказиб бергунча ушбу табиий бойликнинг 6 фоизи йўқотилмоқда.

Президентимиз шу каби камчиликларни танқидий таҳлил қилар экан, углеводород захираларини ошириш ва қазиб чиқаришни кўпайтириш борасидаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Геология-қидирув ишлари давлат дастурига мувофиқ, янги конлар очиш орқали 2018 йилда табиий газ захирасини 57 миллиард куб метрга, нефть ва конденсат захирасини 3,6 миллион тоннага кўпайтириш зарурлиги таъкидланди.

Жорий йилда 63 миллиард куб метр табиий газ, 3 миллион тонна нефть ва конденсат қазиб олишни таъминлаш учун 255 та янги қудуқ ва 26 та янги технологик объектни қуриш ишларини якунлаш, 76 та қудуқни капитал таъмирдан чиқариш лозимлиги қайд этилди.

“Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан 2 миллиард 756 миллион долларлик 24 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши режалаштирилган. Бу маблағлар Жиззах нефтни қайта ишлаш заводини бунёд этиш ва замонавий технологиялар билан таъминлаш, Қандим газни қайта ишлаш комплексининг 2-навбати ва Қандим конлар гуруҳини жиҳозлаш, Шўртан газ-кимё мажмуасида синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш, Сурхондарёдаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конида қидирув ишларини олиб бориш ва техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш каби лойиҳаларга йўналтирилади.

Йиғилишда мамлакатимиз иқтисодиётига жалб этилаётган инвестицияларнинг ярмидан кўпи нефть-газ соҳаси ҳиссасига тўғри келиши, сарфланган ҳар бир доллар иқтисодий фойда келтириши зарурлиги таъкидланди.

Давлат манфаатлари нуқтаи назаридан, маҳсулот тақсимлаш келишувлари ва қўшма корхоналар шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқлар берилди.

Соҳанинг логистика йўналишларини диверсификация қилиш, хом ашё импорти ва маҳсулот экспорти нархларининг арзонроқ бўлишини кафолатлайдиган транспорт йўлаклари ва тарифларини аниқлаш, энергия истеъмолини тежаш ва муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди.

Газ тақсимлаш тизими жисмонан эскиргани ва истеъмолчиларга табиий газ етказиб беришда йўқотишларга йўл қўйилаётгани танқид қилинди. Хорижий компаниялар билан ҳамкорликда юқори ва ўрта босимли газ тақсимот тизимини ривожлантириш, автотранспортларни газга ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шунингдек, истеъмолчиларнинг энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш маданиятини ошириш муҳимлиги қайд этилди.

Нефть-газ соҳасини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш, “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг кредит рейтингини аниқлаш ишларини жадаллаштириш бўйича ҳам вазифалар белгиланди.

Муҳокама қилинган масалалар бўйича зарур ҳужжатлар қабул қилиш ва белгиланган чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

Манба: Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайти

Поделиться