Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Депутатлар давлат харидлари тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар

2018-01-25 | Сиёсат

Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг биринчи устувор йўналишидир.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2018 йил 25 январда бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида депутатлар давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини сифат жиҳатидан ислоҳ этиш жараёнида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар. 

Чунончи, парламент аъзолари иккинчи ўқишда «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Лойиҳа давлат харидларини тартибга солувчи ҳамда амалдаги мавжуд қарама-қаршиликларни ва эскирган нормаларни бартараф этишга қаратилган тўғридан-тўғри таъсир кучига эга ягона қонун ҳужжатини ўзида касб этади. 

Қонун лойиҳасини маромига етказиш жараёнида эксперт бирлашмаси билан маслаҳатлар олиб борилди. Депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Бош прокуратура, Ахборот ва коммуникация технологияларини ривожлантириш вазирлиги, бизнес, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан биргаликда қонун лойиҳаси охирги таҳрири ишлаб чиқилди. Ушбу соҳадаги халқаро тажриба ўрганилди. 

Мажлисда таъкидланганидек, маромига етказиш жараёнида қабул қилинаётган қонуннинг амалий аҳамиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Коррупцияга қарши курашишга йўналтирилганлик, давлат харидлари бозорида тадбиркорлик субъектларининг ҳалол рақобатли кураши учун шароитлар яратиш, ушбу соҳада давлат ва жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмларини таъминлаш мақсадида давлат харидларини электрон шаклга ўтказиш лойиҳа қоидаларининг муҳим жиҳатларидир. 

Депутатларнинг фикрига кўра, ушбу қонуннинг қабул қилиниши бюджет маблағларидан ва бошқа марказлаштирилган манбалардан, кредит ресурсларидан Ҳукумат кафолати остида имкон қадар самарали ҳамда оқилона фойдаланишга хизмат қилади. Бундан ташқари, давлат сектори маъқул муддатларда «нарх-сифат» ўртасида мақбул нисбат бўлган ҳолда зарур товарлар, ишлар ва хизматлар билан таъминланади. 

Қонуннинг амалга оширилиши мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиши жадаллашувига ҳам имкон бериши қайд этилди. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнес субъектлари ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш, давлат харидлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишнинг замонавий услубларини қўллаш орқали ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш борасида салмоқли кўмак олади. 

Музокаралар давомида депутатлар қонун лойиҳаси нормаларини такомиллаштириш юзасидан ўз таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Хусусан, таклифлар давлат харидлари тартиб-таомилини амалга ошириш, шартнома тузиш ва уни ижро этиш, етказиб берувчи ва буюртмачи ўртасида юз бериши мумкин бўлган низолар ҳамда келишмовчиликлар устидан шикоят қилиш, уларни ҳал этиш чоғида шаффофликни рўёбга чиқаришга тегишлидир. 

Шундан сўнг «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди ва Олий Мажлис Сенатига юборилди. 

Шунингдек, мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатларига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Ахборот хизмати

Манба: “Дунё” ахборот агентлиги

Поделиться