Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Сурхондарёлик китобхонлар учун ажойиб туҳфа
2018-01-25 | Жамият
Одатда бирор маҳобатли бино олдидан ўтиб қолсак, уни қандайдир нуфузли идора ёки бизнес мажмуаси деб ўйлашга кўникиб қолганмиз. Сўзимизнинг муболағаси йўқ, Термизда бунинг аксига дуч келдик.
Чорраҳадаги кўркам иморат. Ҳозир қиш бўлсада, атрофига гуллар, райҳонлар экилган, йўлаклар, зиналар орасталанган. Уч қаватли бинони келбатидан, салобатидан санъат саройи деб ўйлайсиз. Лекин уни айланиб ўтиб, пешлавҳадаги ёзувга кўзингиз тушгач, асл ҳақиқат ошкор бўлади: Адиб Собир Термизий номидаги Сурхондарё вилояти ахборот-кутубхона маркази.
– Бир йил аввал бунинг ўрнида нима бор эди? – сўраймиз ишчилардан.
– Қурилиш бўлаётган эди, ука, – дейди марказ директори ўринбосари Меҳринисо Маматқулова. – Сал олдинроқ дарахтзор, эътибордан четдаги жой эди. Ўша пайтда бу ерда маҳобатли иморат қурилади, унда китоб учун, китобхон учун мўъжизадек шароитлар яратилади, деса биров ишонмасди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўтган йили вилоятимизга келганида бу ерга ҳам ташриф буюрди. Марказимиз учун қурилаётган бино лойиҳасини кўздан кечириб, унинг кўринишини ҳам, мазмунини ҳам тубдан ўзгартириш, бу ерда «Китоб олами» мажмуаси ва замонавий «bookcafe» ташкил этиш, ёшлар кечки пайтлари ҳам келиб, китоб ўқиши, суҳбатлашиши учун шароит яратиш кераклигини таъкидлаган эди.
Дарҳақиқат, ёшлар кечки пайтлари бўш вақтида қаерга боради? Кафега ёки бирор кўнгилочар масканга. Ёки дўстлари билан суҳбатлашишга. Улар кутубхонага бориши, китоб ўқиши, маънавиятини ошириши учун нима қилиш керак? Бунга жавобни янги ахборот-кутубхона мажмуасидан топасиз.
Бу ерга келган ёшлар энди дискотекага ҳожат йўқ, китоб билан ҳам вақтни чоғ ўтказса бўларкан, дейиши аниқ. Бинога киришингиз билан ўнг томонда «Китоб олами» дўкони расталари, чапда шинам «bookcafe». Улар тунги пайтгача ишларкан. Уч-тўрт ёш суҳбат қураяпти, кимдир китоб ўқияпти. Шифтгача кенг, баҳаво холл қилинган.
Манба: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги