Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«The Wall Street Journal»: «Афғонистоннинг тинч-осойишта келажаги йўли Тошкентдан бошланади»
2018-01-25 | Сиёсат
Жорий йил март ойида Тошкентда «Афғонистон – тинч келажак сари йўл» халқаро вазирлар конференциясини ўтказиш тўғрисидаги Ўзбекистон ва Афғонистон ташаббуси Америкада нашр этиладиган нуфузли «The Wall Street Journal» газетасида босилиб чиққан мақоланинг мавзуси бўлди.
Мақола муаллифи Лукас Алпертнинг қайд этишича, замонавий Ўзбекистон афғон муаммосининг ҳал қилинишида борган сари фаол иштирок этмоқда. “Тошкент ҳарбий ҳаракатларга барҳам берилиши бутун минтақада контртеррор саъй-ҳаракатларининг калити ҳисобланади, деб ҳисоблайди.
Конференцияда Афғонистон билан қўшни мамлакатлар, шунингдек, Хитой ҳамда АҚШ, Россия ва бошқа йирик давлатлар вакилларининг иштирок этиши кутилмоқда. Улар афғон инқирозини тўғридан-тўғри музокаралар йўли билан ҳал қилиш имкониятларини муҳокама этишади”.
«The Wall Street Journal» Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Афғонистонда қирқ йилдан буён давом этаётган уруш бутун минтақага ўзининг беқарорлаштириш таъсирини ўтказаётгани ҳақида билдирган фикрларини ўқувчилар эътиборига ҳавола қилган. Бу муаммонинг ҳал этилиши катта ҳудудда хавфсизлик ва барқарорликнинг таъминланишига кўмаклашади. Тошкент форуми ўтган йили бошланган «Кобул жараёни»нинг иккинчи раунди бўлади.
Америкалик журналист Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ва АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Герберт Макмастер ўртасида яқинда бўлиб ўтган учрашув чоғида мазкур ташаббуснинг тафсилотлари муҳокама этилганини ҳам эслатиб ўтган. Ўзбекистон томонининг Афғонистон бўйича қарашлари БМТ Хавфсизлик кенгашининг Марказий Осиё ва Афғонистон бўйича муҳокамалари чоғида ҳам тилга олинди.
Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги янги тамойилларга баҳо берар экан, Лукас Алперт минтақадаги қўшнилар билан ўзаро алоқалар сезиларли даражада яхшиланганини ҳам қаламга олган. Чегаралардаги ўтиш пунктларида ишлар қайтадан йўлга қўйилгани, Тошкент ва қўшни мамлакатлар пойтахтлари ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатновлари тиклангани, трансчегара савдо-сотиқнинг кенгайгани муҳим ўзгаришлар қаторида санаб ўтилган. Мақолада экстремизмга қарши кураш халқаро ташкилотлар доирасида ҳам янгича туртки олгани қайд этилган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги