Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида ХМТнинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий катта маслаҳатчиси М.Профази билан учрашув бўлиб ўтди
2018-01-25 | Жамият
2018 йил 24 январда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири А.Хаитов Халқаро миграция ташкилоти (матнда кейинги ўринларда – ХМТ)нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий катта маслаҳатчиси М.Профази, Халқаро миграция ташкилотининг Марказий Осиё бўйича минтақавий координатори Деян Кесерович ва ХМТнинг Ўзбекистон билан алоқалар бўйича ходими С.Тошбаевлардан иборат делегацияни қабул қилди. Шунингдек, музокараларда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи Г.Рахимова ҳам иштирок этди.
Учрашув давомида А.Хаитов Ўзбекистон ва Халқаро миграция ташкилоти билан самарадор ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилгани, Ўзбекистон томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар ушбу халқаро ташкилотнинг тадбирларида муваффақиятли иштирок этиб келаётганини эътироф этди.Музокараларда Ўзбекистон томонидан, шунингдек, Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги бошлиғи Р.Ибрагимов ва Агентлик Халқаро муносабатлар бошқармаси бўлим бошлиғи А.Файзиев иштирок этди.
Суҳбат жараёнида Ўзбекистоннинг ХМТ билан ҳамкорлигининг жорий ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, М.Профази самимий қабул учун миннатдорлик изҳор этиб, Ўзбекистон томонига Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон Республикаси ҳудудида фожиавий вафоти муносабати билан ўзининг чуқур таъзиясини билдирди. ХМТ вакили, шунингдек, мазкур ташкилот Ўзбекистон томони билан алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини тасдиқлади.Томонлар, шунингдек, Ўзбекистоннинг ХМТга аъзо бўлиши ҳамда иккитомонлама ҳамкорликни келгусида янада ривожлантириш йўлларини муҳокама қилдилар.
Ўзаро ҳамкорлик йўналишларида чет элларга чиқаётган меҳнат мигрантларининг хабардорлигини ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Ушбу аснода фуқароларнинг хабардорлик даражасини оширишга мўлжалланган ҳамкорликдаги маълумотларни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги эътироф этилди.
Иккитомонлама ҳамкорликнинг яна бир муҳим йўналишларидан бири сифатида узоқ йиллар давомида меҳнат миграцияси билан боғлиқ масалаларга муваффақиятли тарзда ечим топиб келаётган хорижий давлатларнинг тажрибасини ўрганиш қайд этилди.
Биргаликда одам савдосига қарши курашиш масаласи ХМТ билан ўзаро ҳамкорликнинг муҳим йўналиши сифатида белгиланди. Ушбу йўналишдаги ХМТ дастурларини Ўзбекистон тажрибаси асосида ҳаётга татбиқ этиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Иккитомонлама ҳамкорликнинг муҳим ва истиқболли йўналишлари орасида одам савдоси жабрдийдаларини реабилитация қилиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш масалалари қайд этиб ўтилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон томонига биргаликда молиялаштириш асосида ҳамкорликдаги лойиҳани амалга ошириш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.Учрашув доирасида меҳмонларга миграция ва рекрутинг фаолияти тўғрисидаги қонунлар ишлаб чиқилаётгани ва ХМТнинг экспертлар ва техник даражада ушбу жараёнга иштирокининг мақсадга мувофиқлиги айтиб ўтилди.
Муштарак айтганда, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё даражасида ҳамда Европа давлатлари иштирокида ҳам ХМТнинг дастурларида иштирок этишга тайёр эканлиги таъкидланди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги