Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Вазирлик тизимида фаолият юритаётган ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун масъул ходимлари малака оширмоқда
2018-01-25 | Жамият
2018 йилнинг 24 январь куни Тошкент давлат аграр университетида Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги республика ташкилот, муассаса ва корхоналар, Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, вилоятлар Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ҳамда Ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларининг ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш учун масъул ходимларининг малакасини ошириш бўйича ўқув-семинари бошланди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, “Электрон ҳукумат” тизимини ривожлантириш Маркази, Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази, “UZINFOCOM” маркази, “UNICON.UZ” давлат унитар корхонасининг масъул раҳбар-ходимлари ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ўтказилмоқда.
Тадбирнинг очилишида бугунги глобал тараққиёт шароитида мамлакатимиз иқтисодиётининг барча жабҳаларида, жумладан, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, янги инновацион усуллар ва технологияларни жорий этиш, ахборотлаштиришни янада кенгайтириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш долзарб аҳамият касб этаётганлиги таъкидланди. Бу мутахассислар зиммасига замонавий технологиялар, инновацион ишланмалар, илғор илм-фан ютуқлари ва ахборот-коммуникация технологияларидан янада кенгроқ фойдаланган ҳолда соҳа самарадорлигини оширишдек масъулиятли вазифаларни юклайди.
Уч кун давом этадиган ўқув-семинар дастурига кўра, иштирокчилар аграр соҳада ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни ва уни ривожлантириш билан боғлиқ чора-тадбирлар, тизимда электрон ахборот алмашиш жараёнларини такомиллаштириш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби қатор муҳим мавзулардаги маърузаларни тинглаши баробарида, мавжуд муаммоларни таҳлил қилиб, уларни бартараф этиш юзасидан ўзаро фикр алмашадилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги