Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 2018 йилги долзарб вазифалар муҳокама қилинди
2018-01-25 | Жамият
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида амалга оширишга оид давлат Дастури ижросини таъминлашда партия депутатлик корпуси олдида турган вазифалар муҳокама қилинди.
2018 йилга мўлжалланган Давлат дастури лойиҳаси илк маротаба кенг жамоатчилик муҳокамаси асосида халқимизнинг фикри, таклифлари билан такомиллаштирилди ҳамда унда давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган тарихий Мурожаатномасида қўйилган долзарб вазифалар ижросини таъминлашнинг аниқ йўллари ва механизмлари белгилаб берилган.
Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилиши белгиланган 37 қонун лойиҳаси, жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди мақсадларига мос равишда "Инновацион фаолият тўғрисида", "Фан тўғрисида", "Давлат хизмати тўғрисида", “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда партия фракцияси аъзолари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаол иштирок этиши зарурлиги қайд этилди. Ушбу жараёнда аҳолининг кенг қатлами, мутахассислар, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари иштирокида муҳокамалар ўтказиб, уларнинг таклифлари асосида қонун лойиҳаларини такомиллаштириш лозимлиги белгиланди.
Депутатлар Давлат дастурида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида белгиланган вазифаларга алоҳида эътибор қаратди.
Муҳокамалар жараёнида, айниқса, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва фуқаролар соғлиғини сақлашни янада кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, ижтимоий дорихоналарнинг ривожланган тармоғини яратиш, аҳоли бандлиги ва фуқароларнинг реал даромадларини оширишга доир вазифалар ижроси партиянинг барча даражадаги ташкилотлари, депутатлик корпуси ва фаолларидан янгича ёндашув, ташаббускорликни талаб қилиши таъкидланди.
Ушбу йўналишда белгиланган вазифалар доирасида тиббий ёрдам тизимини янада такомиллаштириш ва тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ишларни изчил давом эттириш, соғлиқни сақлаш соҳасига "ақлли тиббиёт" тизими, инновацион технологияларни жорий қилиш, аҳолини арзон нархлардаги сифатли дори воситалари билан таъминлайдиган 2 мингта ижтимоий дорихона ташкил этиш кўзда тутилаётгани партия дастурий мақсалари рўёбига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
– Давлат дастури доирасида “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш кўзда тутилган, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Муҳаррам Дадахўжаева. – Скрининг марказларини жиҳозлаш, дори-дармон ва тиббиёт учун зарур бўлган воситалар билан таъминлаш, жумладан, ҳар бир туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига скрининг текширувларини ўтказиш учун 200 та юқори технологияли ультратовуш ташхис қўйиш аппаратларини етказиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, Давлат дастурининг иқтисодиёт йўналишида белгиланган вазифалар ҳам партия дастурий мақсадларига тўла ҳамоҳанг эканлиги қайд этилди.
Жумладан, 2023 йилнинг 1 январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновация марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотиш (фойдаланиш учун тақдим этиш)дан тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари тақдим этиш ҳамда иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, "смарт" технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтиш белгиланган.
Йиғилиш якунида Давлат дастури ижросини таъминлашда партия олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Манба: ЎзА