Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Насаф”нинг сафардаги ғалабаси
2015-04-23 | Спорт
Осиё чемпионлар лигасида мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган "Насаф" жамоаси бешинчи турда Эроннинг "Тракторсози Табриз" клубини 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
"D" гуруҳидан жой олган жамоаларнинг учрашуви қизғин курашлар остида ўтди. Ўйиннинг 52-дақиқасида "Тракторсози Табриз" жамоаси аъзоси Меҳди Киани ҳисобни очди. 56-дақиқада "Насаф" футболчиси Артур Геворкян ҳисобни тенглаштирди. Учрашувнинг 71-дақиқасида Артур Геворкян рақиблар дарвозасига иккинчи тўпни йўллаб, жамоаси ғалабасини таъминлади.
Мазкур турдаги иккинчи учрашувда Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли" жамоаси ўз майдонида Бирлашган Араб Амирликларининг "Ал-Аҳли" клуби вакиллари устидан 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Гуруҳда етти очко билан иккинчи ўринда бораётган "Насаф" жамоаси сўнгги тур учрашувини 5 май куни ўз майдонида Саудия Арабистонининг "Ал-Аҳли" жамоасига қарши ўтказади.
Манба: ЎзА