Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Президент ташрифидан сўнг: “Bio Texno Eсo” тоза ҳудуд лойиҳасини ишга туширди

2018-01-24 | Иқтисодиёт

Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги “Bio Texno Eco” масъулияти чекланган жамиятига қарашли маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш заводининг очилиш маросими бўлиб ўтди. 

Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, тадбиркорлар, нуронийлар, ёшлар иштирок этган тадбирда мамлакатимизда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган доимий эътибор жойларда янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этишда юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги "Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги фармони ҳамда "2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур корхона маиший чиқиндиларни йиғиш, саралаш, қайта ишлаш ва улардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 

Мутахассисларнинг фикрича, вилоятда бундай корхона ишга туширилгани теварак-атрофда экологик тозаликни сақлашга, турли юқумли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилади. 

– Тозалик, озодалик – саломатлик гарови, – дейди Сурхондарё вилояти санитария-эпидемиология маркази бош шифокори А.Мустанов. – Айни пайтда ёшларимиз фойдаланилган полиэтилен халтача, полиэтилен ва шиша идишларни йўл четларига ташлаб кетаётгани кузатилмоқда. Чиқиндихоналарга озиқ-овқат қолдиқлари, эскирган кийим-кечак, ишдан чиққан турли металл ва алюмин буюмлар чиқариб ташланмоқда. Албатта, булар аҳоли пунктларидан ташқарига ташиб кетилаётган бўлса-да, экологик тозаликка ўз таъсирини кўрсатади. Ушбу корхона ана шундай чиқиндиларни йиғиб, қайта ишлашга ихтисослашгани маҳаллаларимизда озодаликни сақлашга кенг имконият яратади. 

Каттақум маҳалласининг чўл ҳудудида қад ростлаган замонавий корхонани бунёд этиш ва махсус чиқинди ташиш транспортларини харид қилиш учун 8 миллион доллардан зиёд маблағ сарфланди. 

– Президентимиз жорий йил 19-20 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида фаолиятимиз билан яқиндан танишди, – дейди корхона раҳбари И.Боқижонов. – Айниқса, лойиҳамизни қўллаб-қувватлаб, солиқ тўловларида имтиёз қўллаш юзасидан мутасаддиларга берган топшириқлари, бу ишни янада ривожлантириш бўйича маслаҳатлари бизни руҳлантириб юборди. Мазкур корхонада Термиз шаҳри, Ангор ва Термиз туманларидаги маиший чиқиндиларни йиғиб, саралаш ҳамда қайта ишлашни ташкил этаётган эдик. Давлатимиз раҳбари билан учрашгандан сўнг Денов туманида ҳам шундай корхона барпо этишни режалаштириб олдик. Айни пайтда бизда чиқинди ташийдиган 50 дан ортиқ автотранспорт воситаси мавжуд. Энди маҳаллалардаги чиқиндиларни ташишга мўлжалланган мототранспорт воситалари ҳам харид қилмоқчимиз. 

Хориж технологияси билан жиҳозланган корхона йилига 182 минг тоннадан ортиқ чиқиндини саралаб, қайта ишлайди. Бу ерда шишадан мозаика ва плиткалар, фойдаланилган пластмассадан полиэтилен қувурлар, ёғоч чиқиндиларидан брикет, қоғоз чиқиндисидан картон ва қайта ишланган қоғоз, озиқ-овқат чиқиндисидан биогаз ва биогумус ишлаб чиқарилади. Биогумус шу ернинг ўзида барпо этиладиган мевали боғни тўйинтириш учун ишлатилади. 

Янги корхона ишга тушиши билан 152 кишининг бандлиги таъминланди. Уларнинг 60 дан зиёди Каттақум маҳалласи ёшларидир. 

– Ёшим 30 да, – дейди корхона ишчиси Ғ.Жўраев. – Уч фарзандим бор. Болаликдан чилангарлик ишини яхши ўзлаштириб олганман. Кўп йиллардан буён ўзимга муносиб иш тополмай юрган эдим. Уйимиздан унча узоқ бўлмаган ҳудудда қурилаётган ушбу корхонага келиб, ишга жойлашдим. Хорижлик мутахассисларга ускуналарни ўрнатишда кўмаклашдим. Уни бошқариш сирларини ҳам ўрганиб олдим. Яхшигина меҳнат ҳақи тўланадиган доимий иш билан таъминланганимдан хурсандман. 

Тадбир доирасида кам таъминланган оилаларнинг уч нафар фарзанди номига очилган, ҳар бирига тижорат банкида 500 минг сўмдан маблағ қўйилган омонат дафтарчалари топширилди. Меҳмонлар учун дастурхон ёзилиб, ош тортилди. Озодлик, ободлик ва фаровонликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради. 

Замонавий корхона тўла қувват билан иш бошлагач, 250 кишининг бандлиги таъминланади. Келгусида эса тўрт минг ишчи ўрни яратиш режалаштирилган. 

Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Э.Турдимов сўзга чиқди. 

 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться