Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Китоб тарқатувчилар ассоциацияси тузилаётганини маълум қилди.
Мамлакатимизда йилига 3 минг номдан зиёд, қарийб 60 миллион нусхада адабиётлар нашр этилмоқда. Лекин уларни жойларга арзон нархларда, тўғридан-тўғри етказиб бериш масаласида муаммолар мавжуд. Шуни ҳисобга олиб, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги ҳузурида Китоб тарқатувчилар ассоциацияси тузилиши белгиланди.
Янги тузилма китоб сотувчиларни ташкилий, услубий, илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, мамлакатимиздаги нашриётлар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатишига кўмаклашиш, китоб савдоси менежментига ўргатиш, ўқувчиларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, нашриётларнинг нашр режаларини шакллантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш каби йўналишларда фаолият олиб боради.
Шу кунларда ассоциациянинг ташкилий жиҳатлари кўриб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорида китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари белгиланган.
Манба: ЎзА