Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали

Архив
2024
Календарь

Воқеалар

Дш Сш Чш Пш Жм Шн Як
Порталда янгилик
  • Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним! Батафсил>>>
  • Оммавий савдолар орқали сотилиши белгиланган давлат мулки объектлари Батафсил>>>
  • "Давлат органлари ижтимоий тармоқларда" саҳифаси Батафсил>>>
  • Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон! Батафсил>>>
  • «Очиқ бюджет» саҳифаси Батафсил>>>

Бир йиллик кичик муддатда катта ишлар амалга оширилди

2018-01-24 | Жамият

Жиззах вилоятида 2017 йилда ишлаб чиқариш йўналишида 329, қишлоқ хўжалигида 682, хизмат кўрсатиш соҳасида 743 лойиҳа амалга оширилди. Шу даврда вилоятда 2 триллион 245 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, 35 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди.

Президентимиз 2017 йил 27 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, туман ва шаҳарларда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича вазифа ва топшириқлар берган эди. 

Бугунги кунда ишга туширилган корхоналар, янги ижтимоий иншоотлар, давом этаётган қурилишлар ана шу вазифалар ижроси доирасида амалга оширилмоқда. 

Масалан, Президентимиз вилоятга ташрифи чоғида тамал тошини қўйиб берган Зафаробод туманидаги нефтни қайта ишлаш мажмуаси қурилиши нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиё минтақаси ҳаётида ҳам катта воқеа бўлди. Лойиҳа қиймати 2,2 миллиард доллар бўлган ушбу корхонада йилига 5 миллион тонна нефть қайта ишланиб, “Евро-5” стандартидаги юқори сифатли мотор ва авиация ёнилғиси, бензол, мазут, битум ва бошқа бир неча турдаги маҳсулотлар олинади. 

Айни пайтда ушбу гигант корхона ҳақида нафақат мамлакатимиз, балки хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳам мақолалар ёзилмоқда. Саноатни модернизация қилиш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштириш, маҳаллий маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш бўйича ўтказилаётган кенг кўламли ишларни ҳисобга олган ҳолда, янги нефтни қайта ишлаш мажмуаси ўзининг геосиёсий аҳамияти бўйича ўта муҳим қурилиш сифатида эътироф этилмоқда. 

Янги мажмуанинг афзаллиги шундаки, унга Россия ва Қозоғистон конларидан қазиб олинаётган хомашё нефть қувури орқали етказиб берилади. Маълумки, Омск – Павлодар – Чимкент нефть қувури тармоқларидан бири Жиззах вилоятига яқин ҳудуддан ўтган. Шу ердан янги мажмуагача узунлиги атиги 100 километрлик қувур ётқизилиб, бу билан корхона кам харажат эвазига хомашё билан таъминланади. Лойиҳа доирасида қозоғистонлик шериклар узунлиги 168 километрлик нефть қувурини реконструкция қилиб, насос станциялари ва техник иншоотлар қуриб беради. 

Завод қурилиши «Jizzakh Petroleum» қўшма корхонаси ҳамда бош пудратчи – «Enter Engineering Ltd» компанияси ва унинг шундай корхоналар барпо этишда катта тажриба тўплаган шериклари билан биргаликда олиб борилмоқда. 

Мутахассислар ҳисоб-китобига кўра, корхона саноат усулида ишга туширилгандан сўнг бу ерда 2 мингта иш ўрни яратилади. Маълумки, нефть-кимё тармоғидаги ҳар бир иш ўрни тармоқ билан боғлиқ бўлган бошқа соҳаларда ҳам яна бир неча янги иш жойларини яратади. Шу жиҳатлар ҳисобга олиниб, корхона ишга тушиши билан 16 мингдан ортиқ юқори даромадли янги иш ўрни пайдо бўлиши мўлжалланмоқда. 

Бундан ташқари, ушбу мажмуа электр энергиясини катта ҳажмда истеъмол қилувчи ва йирик ҳажмдаги юкларни жўнатувчи корхонага айланади. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда энергетика ва транспорт соҳалари янада ривожланишига қўшимча туртки беради. 

Айни пайтда корхонада қурилиш ишлари қизғин олиб борилаётир. Корхона асосини барпо этиш билан бир вақтда ишчилар учун уй-жой қурилиши ҳам бошланди. Чунки экологик талаблардан келиб чиқиб аҳоли манзилларидан олисда, чўл ҳудудида йирик иншоот бунёд этишда биринчи навбатда ишчилар учун турар жойлар зарур. 

– Жиззах ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежини битирганимдан сўнг ишсиз эдим, – дейди Бекзод Ашурматов. – Президентимизнинг ўтган йили вилоятимизда янги завод қурилишига биринчи ғишт қўйганини эшитиб, бу ерга келганман. Ҳозирча қурилишда ишлаяпман. Завод битса, биринчи навбатда, мутахассислар қабул қилинар экан. Мамлакатимизнинг шундай гигант корхонаси қурилиши бошланган кундан иштирок этаётганимдан мамнунман. 

Ўтган йили қурилиши бошланган “Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive” заводи тўғрисида бугун хорижда ҳам яхши билишади. Умумий қиймати 133,3 миллион евро бўлган мазкур лойиҳа доирасида йилига 16 минг “Peugeot Expert” ва “Peugeot Boxer” русумидаги экспортбоп тижорат автомобиллари ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Бундай замонавий автомобилларга Франция, Эрон, Россия ва МДҲнинг бошқа давлатларида эҳтиёж катта. 

Шу кунларда завод қурилиши учун “Жиззах” эркин иқтисодий зонаси ҳудудидан ажратилган 45 гектарлик ерда иш қизғин. Инвестиция лойиҳаси доирасида корхонанинг қурилиш-монтаж ишлари жорий йил май ойига қадар амалга оширилади, 2019 йилда маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлайди. 

Бу заводнинг ишга туширилиши ҳам тармоқдаги бошқа корхоналарда иш ҳажмининг ошишига олиб келади. Корхона иш бошлаган биринчи йилдан бошлаб автомобиль бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти тизимидаги 30 га яқин йирик ва 160 дан зиёд ўрта ва кичик корхоналарни жалб этиш йўли билан камида 50 фоиз маҳаллийлаштириш даражасини таъминлаш режалаштирилган. Янги корхонада 600 дан зиёд иш ўрни яратилади. 

Вилоятда ўтган йили энг кўп эътиборни тортган воқеалардан яна бири Фориш туманининг Эгизбулоқ қишлоғида Буюк Британиянинг “Leigh Barrier LLP” компанияси билан ҳамкорликда “Mega invest industrial” масъулияти чекланган жамият шаклидаги қўшма корхона ишга туширилиши бўлди. Замонавий қурилишларда кенг қўлланиладиган минерал толалар ва полимер елимлар асосида кўп мақсадли композит арматуралар ишлаб чиқарувчи йирик корхона қурилиши қисқа муддатда – 2017 йилнинг февраль ойида бошланиб, декабрь ойида тўлиқ якунланди. 

Лойиҳа қиймати 51,8 миллион долларга тенг йирик корхонанинг дастлабки босқичида маҳаллий хомашёдан йилига 2,5 минг тонна базальт тола ва 2,9 минг тонна базальт арматура ишлаб чиқариш кўзда тутилган. Маҳсулотлар Афғонистон, Саудия Арабистони ва МДҲ давлатларига экспорт қилинади. 

Ҳозир бу ерда 90 киши меҳнат қилмоқда. Корхонанинг кейинги босқичлари ишга туширилгач, улар сони 150 га етади. 

Шу ўринда ушбу туманда амалга оширилган яна бир лойиҳа – “Farish agro valley” масъулияти чекланган жамиятида 1000 бош наслли эчки боқишга мўлжалланган замонавий ферма қурилиши ҳам ҳудуд учун ғоят муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлаш лозим. Лойиҳани амалга ошириш учун 11,5 миллиард сўм сарфланади. 

– Мамлакатимизда ҳудуди жиҳатидан энг йирик туманлардан бири бўлган Форишда яқин йилларгача бирорта йирик корхона йўқлиги иқтисодиётни ривожлантириш, айниқса, аҳоли бандлигини таъминлашда жиддий муамммо бўлиб келаётган эди, – дейди меҳнат фахрийси Эркин Қозоқов. – Чекка туманда кейинги бир йилда 2 йирик, 10 дан зиёд ўрта ва кичик ишлаб чиқариш корхонаси қурилиб, ишга туширилди. Бу корхоналарда бизнинг ўғил-қизларимиз ишламоқда. Бир йилда ҳайратланарли ишлар амалга оширилди. Уларни бир айланиб кўриш у ёқда турсин, ҳатто шунчаки санаб чиқишнинг ўзига ҳам анча вақтингиз кетади. Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган бу каби ишлар халқимиз турмушини янада яхшилашга хизмат қилаётир. 

Кўп йиллар шу туманда биринчи раҳбар бўлиб ишлаган, катта ҳаётий тажрибага эга оқсоқолнинг бу гаплари айни ҳақиқат. Ҳа, кўз ўнгимизда юз бераётган ўзгаришлар, қад ростлаётган гигант корхоналар ростдан ҳам ҳайратланарли. 

Ўзбекистонда тадбиркорлик учун яратилган имкониятлар ва қулай ишбилармонлик муҳити туфайли бундай ҳайратланарли бунёдкорлик ишлари кўпаймоқда. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар истиқболига ишончи ортаётган хорижлик ишбилармонлар узоқ истиқболга мўлжалланган йирик лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда дадил шерикчилик қилмоқда. 

Масалан, Жиззах шаҳрида “SILK EXPERT prcessing” хом ипак етиштириш ва қайта ишлашга ихтисослашган Ўзбекистон – Буюк Британия қўшма корхонаси мамлакатимиз иқтисодий тараққиёти истиқболига хорижлик ишбилармонларнинг катта ишонч билан қараётганига далилдир. 

Лойиҳа қиймати 5 миллион доллар бўлган корхона битказилгач, биринчи босқичда йилига 144 тонна қуруқ пиллани қайта ишлаш қувватига эга бўлади. 2021 йилга бориб бу кўрсаткич 576 тоннага етказилиши мўлжалланган. 

Етиштирилган хомашёни юз фоиз қайта ишлаш йўлга қўйилади. 2021 йилда ушбу хомашёнинг 60 фоизидан хом ипак, 10 фоизидан ип-калава, 30 фоизидан мато ишлаб чиқарилади. 

Мамлакатимиз ипакчилик саноати ривожида яна бир муҳим қадам бўладиган янги қўшма корхона аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам салмоқли ҳисса қўшади. Янги корхонада 240 киши доимий иш ўрни билан таъминланади. 

Булар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ўтган йили ташрифи давомида берган кўрсатмалари асосида амалга оширилган йирик лойиҳалардан айримлари, холос. Умуман, давлатимиз раҳбари ташрифидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 майдаги Жиззах вилоятида ишлаб чиқариш тармоқларини ривожлантиришни тубдан жадаллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг янги ёндашувлари ва методларини синаб кўришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорига мувофиқ, амалга оширилган ўрта ҳамда кичик лойиҳаларнинг умумий сони 1000 дан зиёд. 

Вилоят иқтисодий тараққиёти, аҳоли фаровонлигига муҳим ҳисса бўлиб қўшилаётган бундай яратувчилик, бунёдкорлик ишларига барча соҳалардан, барча шаҳару қишлоқлардан кўплаб мисоллар келтириш мумкин. 

“Зомин-Фарм” махсус иқтисодий зонаси таркибидаги корхоналар, Ғаллаорол туманидаги “Marjon global” масъулияти чекланган жамиятида доривор гиёҳларни қайта ишлаш бўйича амалга оширилган лойиҳалар ёки “Deya” бренди остида 50 дан ортиқ турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқараётган Жиззах шаҳридаги “Бону ширинликлари” масъулияти чекланган жамиятининг ҳудудий экспортга қўшаётган ҳиссаси давлатимиз раҳбарининг эътибори туфайли эканини алоҳида қайд этиш лозим. 

Яна гап ана шундай бунёдкорлик, яратувчилик ҳақида борар экан, вилоятда енгил саноатнинг изчил ривожланётгани натижасида ҳудудда етиштирилган пахтанинг 40 фоизи шу ернинг ўзида қайта ишланиб, олинадиган даромад салмоғи бир неча баробар ортгани ҳудудни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этаётганини ҳам таъкидлаш зарур. Келгуси икки йилда етиштирилган пахта ҳосилининг ҳаммасини вилоятнинг ўзида ип-калавага айлантириш, ушбу хомашёнинг 85 фоизидан тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш мўлжалланаётгани янада қувонарлидир. 

“Халқни тадбиркор қилиш” шиори остида тижорат банклари томонидан қишлоқ жойларда тадбиркорликни ривожлантиришда ички имкониятлардан самарали фойдаланиш, кичик бизнес субъектларини сифатли, қулай, ишончли ресурслар билан таъминлаш борасидаги ишлар ҳам тизимли йўлга қўйилмоқда. Бунда Президентимиз ташрифи давомида фаолияти билан танишиб, тегишли кўрсатмалар берган Жиззах шаҳридаги “Тадбиркорликка кўмаклашиш маркази”да ташаббускор, изланувчан юртдошларимизга ҳуқуқий маслаҳат ва консалтинг хизмати кўрсатилаётир. 

Вилоятда, шунингдек, 2017 йил инвестиция дастурига мувофиқ, 60 ижтимоий соҳа иншооти қурилиши олиб борилди. Аҳолини имтиёзли шартлар асосида уй-жой билан таъминлаш изчил амалга оширилмоқда. 2017 йилда ногиронлар, ҳарбийлар, профилактика инспекторлари, аҳолининг барча тоифалари учун 900 намунали арзон уй қуриб берилди. Бу ғамхўрликлар одамларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашига хизмат қилмоқда. 

2017 йилда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари туфайли вилоят маркази – Жиззах шаҳри ва туман марказлари янада замонавий, кўркам қиёфа касб этди. Марказий кўчалар кенгайтирилиб, замонавий архитектура талаблари асосида кўп қаватли уй-жойлар, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, муҳташам спорт ва маданият масканлари, болалар майдончалари бунёд этилди. 

Жиззах вилоятида одамларда бугунги ҳаётидан розилик, эртанги кунга ишонч туйғусини юксалтиришга хизмат қиладиган бундай қурилиш, яратувчилик, янгиланиш ишлари давом этаётир.

 

Тошқул Бекназаров, ЎзА

Манба: ЎзА

Поделиться