Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Юқори технологиялар – ҳар бир соҳага
2015-04-23 | Технологиялар
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида "Central Asia – 2015: фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари" мавзусида IX халқаро конференция бошланди.
Конференция Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Анжуман фан, таълим, маданият ва бизнес соҳасида электрон ахборот ресурсларини қўллаш ва ривожлантириш борасидаги ҳамкорликни фаоллаштиришга қаратилган. Унда Ўзбекистон, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Чехия, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Украина ва бошқа мамлакатларнинг ахборот-кутубхона муассасалари ходимлари, ўқув юртлари, нашриёт ва ахборот технологиялари компаниялари вакиллари иштирок этмоқда.
Халқаро конференцияда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Асаджон Хўжаев иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг барча тармоқларига ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётгани мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг муҳим омилларидан бири эканини таъкидлади.
Мамлакатимиз Миллий ахборот-коммуникация тизими кўплаб тартиб-таомилларни соддалаштириш ва уларнинг самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, "электрон ҳукумат" тизими тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига давлат хизматлари кўрсатишда ҳар томонлама қулайликлар яратиб, маблағ ва вақтни тежашга хизмат қилмоқда.
Бизнес учун ҳам кенг имкониятлар яратилаётир. Замонавий технологиялар тадбиркорлик субъектларини интернет орқали рўйхатдан ўтказиш, шунингдек, ҳисоботлар топшириш, божхона тартиб-таомилларидан ўтиш ва ишхонадан чиқмаган ҳолда кредит олиш имконини бермоқда. Айни пайтда тадбиркорлик субъектларининг 98 фоизга яқини интернет орқали солиқ ва статистик ҳисоботларни топшириб, божхона декларацияларини расмийлаштирмоқда.
Конференциянинг дастлабки кунида илм-фан, таълим ва маданиятни ривожлантиришда ахборот-кутубхона фаолиятининг роли ва аҳамияти, ахборот-кутубхона муассасаларининг нашриётлар, архив ва музейлар билан ҳамкорлиги, ушбу муассасалардан фойдаланувчиларнинг ахборот маданияти ҳамда медиа саводхонлигини шакллантириш масалаларига бағишланган йиғилишлар ўтказилди.
Анжуман иштирокчилари мамлакатимизда аҳоли, биринчи навбатда, ёш авлоднинг интеллектуал эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, маданий ва маънавий-ахлоқий қадриятларни асраб-авайлаш бўйича янги ахборот-ресурс марказлари ташкил этиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишлар билан таништирилди.
Бугун мамлакатимиз олий ўқув юртлари "ZiyoNet" миллий таълим тармоғига уланган оптик толали алоқа ва юқори тезликка эга интернет билан таъминланган. Ягона ахборот-кутубхона тизими жорий этилиб, унга 300 мингдан ортиқ дарслик, қўлланма ва бошқа ўқув адабиётларининг библиографик маълумотлари киритилган.
Президентимизнинг 2011 йил 23 февралдаги "2011-2015 йилларда ахборот-коммуникация технологиялари негизида ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс хизматлари кўрсатишни сифат жиҳатидан ривожлантиришни давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил этилган Республика йиғма электрон каталог маркази ахборот-кутубхона муассасаларида яратилаётган библиографик ёзувларни тўплаш орқали Ўзбекистон Республикасининг йиғма электрон каталоги базасини шакллантириш билан шуғулланмоқда. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси негизида фаолият юритаётган ва юқори технологияли ускуналар билан жиҳозланган ушбу марказ автоматлаштирилган ягона ахборот-кутубхона тизимига эга. Бу ерда ташкил этилган ахборот-кутубхона фондини сақлашнинг автоматлаштирилган тизими халқаро талаб ва нормаларга тўлиқ мос келади.
– Ўзбекистон ахборот-коммуникация ва нашриёт-матбаачилик соҳасида катта салоҳиятга эга, – дейди Арба Фалазий (Бирлашган Араб Амирликлари). – Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига илғор ахборот-коммуникация технологияларининг кенг жорий этилаётгани менда катта таассурот қолдирди. Бу самарали ва ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорлик учун қулай имкониятлар яратади.
Конференциянинг иккинчи кунида бўлиб ўтадиган шўъба йиғилишида замонавий ахборот технологиялари муҳитида кутубхонани ривожлантиришнинг ўзига хос жиҳатлари, дунёнинг йирик кутубхоналаридаги инновацион ечимлар хусусида маърузалар тингланади. Мутахассислар электрон кутубхоналарни ривожлантиришнинг муҳим халқаро тенденциялари ва ахборот-кутубхона соҳасида фойдаланилаётган янги рақамли технологияларни муҳокама қилади.
Халқаро конференция дастуридан семинарлар, маҳорат сабоқлари, давра суҳбатлари, ёзувчи ва журналистлар билан ижодий учрашувлар, Тошкентдаги ахборот-кутубхона муассасаларида сайёр йиғилишлар ўтказиш ҳам ўрин олган.
Манба: ЎзА