2018 йилнинг биринчи чорагидан Ўзбекистонда “Chevrolet Orlando” автомобилини ишлаб чиқариш тўхтатилади
«General Motors» компаниясининг моделлар қаторини янгилаш борасидаги глобал стратегиясига мувофиқ, «GM Uzbekistan» акциядорлик жамияти 2018 йилнинг биринчи чорагидан «Chevrolet Orlando» автомобилини ишлаб чиқаришни тўхтатади.
Шу муносабат билан ушбу моделдаги автомобилларни етказиб бериш бўйича шартномаларга аризаларни рўйхатдан ўтказиш тўхтатилди, дея хабар берди компания матбуот хизмати.
“GM Uzbekistan” АЖ дилерлик корхоналари билан биргаликда "Chevrolet Orlando" русумидаги автомобилларга тузилган шартномалар учун истеъмолчилар олдида ўзининг мажбуриятларини ўз вақтида бажарилишини ҳамда шартнома шартларида белгиланган муддатларда автомобилни тўлиқ етказиб берилишини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, “Chevrolet Orlando” оилавий минивени 2014 йил март ойидан бери Хоразм вилоятида ишлаб чиқарилаётган эди.
“Chevrolet Cruze” русумидаги седан платформаси асосида яратилган мазкур автомобиль 141 от кучига эга, 100 километрга ўртача 7,9 литр ёнилғи сарфлайдиган двигатель ва олти поғонали автоматик трансмиссия билан жиҳозланган.
Манба: ЎзА