Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳарбий кадрлар тайёрлаш тизими такомиллашмоқда
2015-04-23 | Жамият
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида миллий армиямизда, хусусан, ҳарбий кадрлар тайёрлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг профессионаллик, жанговарлик ва интеллектуал даражаси юксалмоқда. Айни пайтда ёшлар ўртасида ҳарбий хизматнинг нуфузи тобора ошиб бораётир.
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидаларига бағишлаб ўтказилган матбуот анжуманида шулар хусусида сўз юритилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 19 апрелдаги "Ўзбекистон Республикасида ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармойиши олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун зарур шарт-шароит яратиш, иқтидорли ёшлар орасидан муносиб номзодларни танлаб олиш, ҳарбий таълим нуфузини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 3 июндаги "Ўзбекистон Республикаси олий ҳарбий таълим муассасаларига танлаш тартиби ва қабул қилиш қоидалари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори бу борадаги эзгу ишларнинг мантиқий давоми бўлди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ олий ҳарбий таълим муассасаларига интеллектуал ривожланган, жисмонан баркамол ва ҳар томонлама тайёрланган ёшларни танлаш тартиби янада такомиллаштирилди. Мисол учун, олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришга номзодлар ҳарбий-профессионал йўналиш, дастлабки танлаш, ҳарбий-профессионал танлаш ва тест синовларини назарда тутувчи танлов асосида комплекс равишда босқичма-босқич саралаб олинади.
Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги ҳарбий-тиббиёт факультети ва бошқа олий ҳарбий таълим муассасаларида биринчи курсга курсантларни қабул қилишга тайёргарлик кўрилмоқда. Тест синовлари 10 июль куни ўтказилади.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий кадрларни тайёрлаш бошқармаси масъул офицери, подполковник Козимбек Ҳайдаровнинг таъкидлашича, олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишни истаган ёшлар жорий йилнинг 1 апрелигача яшаш жойидаги туман ва шаҳар мудофаа ишлари бўлимларига ариза тақдим этган. Мудофаа ишлари бўлим ва бошқармаларида дастлабки танлашга мувофиқ соғлиғи, индивидуал-психологик хусусиятлари ва жисмоний тайёргарлиги ҳарбий ихтисослик талабларига жавоб берадиган, мустаҳкам интеллектуал ва маънавий-ахлоқий салоҳиятга эга номзодлар аниқлангач, ҳужжатлар олий ҳарбий таълим муассасаларига юборилади. Барча олий ҳарбий таълим муассасаларида қабул комиссиялари томонидан абитуриентларнинг ҳужжатлари ҳарбий-профессионал танлаш босқичи талабларига мувофиқ ўрганилади. Қолаверса, уларнинг психофизиологик ҳолати, ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаганлик даражаси текширилиб, якка тартибда якуний суҳбатдан ўтказилади. Мазкур синовлардан муваффақиятли ўтган йигитларга тест синовларини топширишга рухсат этилади.
Олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга киришда ёшлар ва айрим тоифадаги фуқаролар учун кенг имтиёзлар кўзда тутилган. Масалан, халқаро ва республика фан олимпиадалари ғолиблари, ўз хизмат бурчини бажариш пайтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимларининг фарзандлари давлат комиссиясининг қарори билан тест синовларидан озод этилади. Сержантлар таркибида шартнома асосида хизматни намунали ўтаган ҳарбий хизматчиларга тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 20 фоизи миқдорида имтиёз берилади. "Энг илғор сержант" танлови ғолиблари ҳам ўқишга танловсиз кириш ҳуқуқига эга. Шунингдек, ҳарбий академик лицейлар битирувчиларига ҳам тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 10 фоизи миқдорида имтиёз белгиланган. Бундан ташқари, ҳарбий қисм қўмондонлиги томонидан тавсиянома берилган абитуриентлар тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча имтиёзга эга.
Матбуот анжуманида ўқув жараёнларига таълимнинг инновацион усулларини жорий этиш орқали ҳарбий кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан фикрлашилди. Журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.
Манба: ЎзА