Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Академиянинг янги қиёфаси
2018-01-22 | Жамият
Қуролли Кучлар академиясида ҳарбий қисм командирлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирокида экскурсия ҳамда маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти шонли анъаналарини давом эттирган ҳолда унинг негизида қайта ташкил этилган Қуролли Кучлар академияси бугунги кунда юқори бўғин қўмондонлик офицерларини тайёрлаш ва миллий армиямиз сафларига ҳар томонлама етук ёш офицерларни етказиб бериш ҳамда мудофаа қурилиши соҳасида илмий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга оширишда муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Бутунлай замонавий қиёфа касб этган академияда таълим жараёнига энг янги усул ва технологиялар жорий этилган. Ўқув хоналари ва аудиториялар замон талабларига мос тренажёрлар, ўқув ва лаборатория ускуналари ва компьютер воситалари билан жиҳозланган. Қисқача айтганда, таълим муассасасида тўлиқ замон андазаларига жавоб берадиган шарт-шароитлар билан тадбир иштирокчилари тўлақонли танишдилар.
– Ҳарбий таълим соҳасини такомиллаштириш, билим беришда инновацион воситалар ва ўқув-қуролларни қўллаш, ўқув-моддий базани янгилаш, таълим сифатини ошириш ва замонавий андазаларга жавоб беришини таъминлаш масалаларига давлатимиз мудофаа қудратини юксалтиришга хизмат қилувчи муҳим омил сифатида қаралиши бежиз эмас. Олий ҳарбий таълим муассасалари кадрларни тайёрлаш миллий дастури асосида жорий этилган узлуксиз таълим тизимида офицер кадрларни тайёрлашнинг муҳим бўғини саналади. Ушбу тадбирдан биз иштирокчилар тажриба алмашиш, хулосаларни умумлаштириш учун бир имконият сифатида унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз, – дейди подполковник Холиёр Қорабоев.
Тадбир иштирокчиларига таниқли актёрлар томонидан мўғул босқинчиларига қарши мардонавор курашган Жалолиддин Мангуберди жасорати акс этган “Жалолиддин Мангуберди” спектакли намойиш этилди.
Мудофаа вазирининг ўринбосари полковник Азизбек Икромов ҳарбий қисм командирлари ва уларнинг ўринбосарлари билан очиқ мулоқот ўтказиб, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан Ватан ҳимоячилари олдига қўйилаётган долзарб вазифаларга яна бир бор тўхталиб ўтди. Ҳарбий қисм ва муассасаларда ечимини топиши қийин масалаларни тинглади. Ностандарт учрашув давомида конструктив суҳбат ўтказди. Уларнинг ҳар бирига муҳим қўлланма сифатида фойдаланиладиган китоблар ва эсдалик совғаларини топширди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги