Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Нуронийлар эъзозимизда
2015-04-23 | Жамият
Тошкент давлат юридик университети томонидан пойтахтимиздаги Республика уруш ва меҳнат фахрийлари пансионатида Кексаларни эъзозлаш йили ва 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишлаб «Нуронийлар эъзозимизда» деб номланган тадбир ўтказилди.
Унда Тошкент давлат юридик университети ректори Е.Каньязов, пансионат директори Т.Эшиев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида ёши улуғ юртдошларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Мамлакатимизда фахрийларга ғамхўрлик кўрсатиш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, табаррук кексаларимизнинг бой тажрибаси ва ўгитларидан ёш авлодни ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, меҳр-оқибат руҳида тарбиялашда фойдаланиш ижтимоий-маънавий ислоҳотларнинг узвий қисмини ташкил этади. Бу жиҳатлар Хотира ва қадрлаш куни арафасида ўтказилаётган тадбирларда янада яққолроқ намоён бўлмоқда. Ушбу тадбирларда бугунги тинч-осойишта, дориломон кунларда биз билан бирга умргузаронлик қилаётган фахрийларимизга ҳар томонлама юксак эҳтиром кўрсатилиб, улар моддий ва маънавий қўллаб-қувватланмоқда.
Тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2015 йил 19 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқаролари – 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги" эсдалик юбилей медали билан мукофотлаш тўғрисида"ги ҳамда 2015 йил 6 мартдаги "1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармонларига асосан пансионатдаги нуронийларнинг бир гуруҳига медаль ва пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
– Оғир ва машаққатли йилларда ориятли халқимиз бугунги тинч-осойишта, фаровон кунларни орзу қилиб яшади, – дейди Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Муҳаммад Ҳусаинов. – Бугун эркин ва обод юртимизда ҳурмат-иззатдамиз. Президентимиз Ислом Каримов номидан "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги" эсдалик юбилей медали билан тақдирланганимда шу ўйлар хаёлимдан ўтди. Талабаларнинг қутловидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Ўзимни яшаргандай, навқирон давримдагидай ҳис этдим.
Учрашув давомида кексалар мустақиллик, тинчлик-хотиржамлик, фаровон турмуш халқимизнинг энг бебаҳо бойлиги экани, унинг қадрига етиш, барча соҳалардаги ислоҳотларда фаол иштирок этиш, ёшлар учун яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш зарурлигини қайд этди.
Тадбирда тинчлик ва мустақил Ватанимиз ҳақида шеърлар айтилди. Куй-қўшиқлар ҳамда рақслар нуронийларга байрамона кайфият улашди.
Манба: ЎзА