Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан ўтказилаётган назорат тадбирларида аниқланаётган тизимли равишдаги қоидабузилишлар тўғрисида
2018-01-22 | Жамият
Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2017 йил давомида бюджет ташкилотларида ўтказилган назорат тадбирларида қуйидаги тизимли такрорланувчи қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан,
- бюджет ташкилотларининг харажатлар сметаларида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талабларига зид равишда ортиқча бюджет маблағларини режалаштириш;
- тарификация рўйхатини тузишда вакант лавозимларга юқори таъриф разрядларини қўлланилиши ҳисобига ортиқча бюджет маблағларини режалаштириш;
- вакант лавозимлар ҳисобига иқтисод қилинган маблағлар (ҳисобот даври якуни билан) тегишли бюджетга қайтарилмаслиги;
- меҳнатга ҳақ тўлашда лавозим разрядлари ва коэффициентларига амал қилмасдан ҳамда устама тўловларини нотўғри қўллаш ҳисобига ортиқча харажатларга йўл қуйиш;
- озиқ-овқат, дори-дармон, ёқилғи-мойлаш ва бошқа маҳсулотларини ҳисобдан чиқаришда харажатлар нормаларига риоя қилмаслик ҳолатлари такрорланмоқда.
Бюджет қонунчилигини бузилиши ҳолатлари юзасидан 289 нафар масъул мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилганлар ва аниқланган қонунбузулиш ҳолатлари юзасидан қонуний чора кўриш учун тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилган.
Бундан ташқари, қонунбузулиш ҳолатларига йўл қўймаслик ва унинг олдини олиш мақсадида Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати бош бошқармаси ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан профилактика тадбирларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
«Ишонч телефони» бўйича маълумот
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг «Ишонч телефони» 24 соат давомида фуқаролардан мурожаатларни қабул қилади.
2017 йил давомида ғазначилик, Пенсия, иш ҳақи тоʻлови масалалари ҳамда тендер ва танлов савдолари масалалари бўйича 764 та мурожаатлар келиб тушди.
Ҳисобот даврида 770 та мурожаат (шундан 41 та мурожаат 2016 йилдан ўтган) ўрганиб чиқилди ва уларнинг 269 таси ёки 35 фоизи ўз тасдиғини топди.
Кўриб чиқиш жараёнида аниқланган камчиликлар юзасидан масъул ходимларнинг 99 нафарига «Хайфсан» эълон қилинди, 10 нафарига иш ҳақидан жарима ва 4 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Шунингдек, келиб тушган мурожаатларни ўрганиш якунлари билан 9 таси ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилди ва 38 таси бўйича юқори турувчи ташкилотларга тақдимнома киритилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги