Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ҳамюртимиз жаҳон рекордини янгилади
2015-04-22 | Спорт
Польшанинг Шецин шаҳрида ўқ отиш бўйича паралимпиячилар ўртасида ўтказилган жаҳон кубоги баҳсларида ҳамюртимиз Сервер Ибрагимов жаҳон рекордини янгилади.
Жаҳон кубоги баҳсларида қирққа яқин давлатдан уч юз нафардан зиёд спортчи совринли ўринлар ва 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган XV ёзги Паралимпия ўйинларининг йўлланмасини берувчи муҳим рейтинг очколари учун баҳслашди.
Мусобақанинг ўн метр масофадан тўппончада ўқ отиш бўйича ўтказилган баҳсларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилган Сервер Ибрагимов саралаш босқичида 578 очко жамғариб, финалга чиқди. Тажрибали спортчимиз ҳал қилувчи баҳсда 198,9 очко жамғариб, олтин медални қўлга киритди. Унинг натижаси жаҳоннинг янги рекорди сифатида қайд этилди.
Спортчимиз жаҳон кубогида кўрсатган натижаси билан дунё рейтингида биринчи ўрин эгаллади ва 2016 йили Бразилияда ўтказиладиган Паралимпия ўйинларининг йўлланмасини ҳам нақд қилиб қўйди.
– Паралимпия ўйинлари йўлланмаларини қўлга киритган спортчиларимиз 19 нафарга етди, – дейди Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси бош котиби Омон Ғафуров. – Паралимпиячиларимизни олдинда яна кўплаб халқаро мусобақалар кутмоқда. Умид қиламизки, спортчиларимиз бу мусобақаларда ҳам муваффақиятли иштирок этиб, йўлланмаларимиз сонини янада кўпайтиради.
Манба: ЎзА