Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Автомобиль транспортини ривожлантириш, транспорт хизматлари бозорида муносабатларини ва рақобат муҳитини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш тўғрисида
2018-01-19 | Иқтисодиёт
Кейинги йилларда автомобиль транспорти соҳасида олиб борилаётган институционал ва ҳуқуқий ислоҳотларнинг мақсади - бу транспорт хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи устидан адолатли рақобатга асосланган автомобиль транспорти фаолиятини яхшилаш, ушбу секторга турли мулкий шаклдаги ташувчиларни жалб этишдир.
Республикада босқичма-босқич ўтказилаётган ислоҳотлар натижасида нодавлат секторнинг йўловчилар ва юкларни ташишдаги улуши йил сайин ортиб бормоқда. Ҳозирги кунда йўловчиларга автотранспорт хизматларини кўрсатишдаги улушининг деярли 100 фоизи ва юк ташишдаги улушининг 90 фоизи ушбу нодавлат сектор томонидан амалга оширилмоқда.
Ислоҳотлар самарадорлигини эса автомобиль транспорти фаолиятининг қуйидаги кўрсаткичларига қараб баҳолаш мумкин.
Давлат статистика қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, 2017-йил якуни билан республиканинг барча автомобиль транспорти воситалари билан жами 1 млрд. 41 млн. тонна юк ва 5 млрд. 565 млн. йўловчи ташилиб, ушбу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан тегишли равишда 103.7 ва 102.3 фоизни ташкил этди.
Юк айланмаси 13 млрд. 629 млн. тонна км.ни (2016-йилга нисбатан 102.5 фоиз), йўловчилар айланмаси эса 117 млрд. 157 млн. йўловчи км.ни (2016 йилга нисбатан 102.6 фоиз) ташкил қилди.
Агарда автомобиль транспорти фаолиятининг охирги ўн йил (2007-2017-йиллар) давомидаги асосий кўрсаткичларини қиёсласак, унда 2017-йилда ташилган йўловчилар сони 2007-йилнинг шу даврига нисбатан қарийб 1,24 баробарга ва юк ташиш ҳажми 1,4 баробарга ўсган.
Юк ташиш жараёнини такомиллаштириш юзасидан аниқ тадбирлар кўрилганлиги натижасида, автотранспорт воситалари билан республикада етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ташишда, қурилиш ва ободонлаштириш ҳамда нефть-газ комплекси қурилиши ишларида юкларини ташиш ҳажмлари ўсмоқда.
2017-йил якунига кўра, барча турдаги (темир йўл, ҳаво, қувур ва электр) транспортларда амалга оширилган ташувлар ҳажмлари ичидаги автомобиль транспортининг улуши, йўловчи ташишда 98.4 фоизга ва йўловчи айланмасининг 90.5 фоизига тўғри келади. Ташилган юк ҳажми ва юк айланмаси бўйича автомобиль транспортининг солиштирма улуши эса тегишли равишда 88.7 ва 20.4 фоизга тенг.
Мамлакатимизда асосан Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган («Dji Em O’zbekiston» ҚК, «Samavto» МЧЖ, «JV MAN Auto – Uzbekistan» МЧЖ ҚК заводлари) ҳамда Россия, Беларусь ва узоқ хориж мамлакатлари (Германия, Жанубий Корея, Хитой) заводлари томонидан ишлаб чиқарилган автомобильлар ишлатилмоқда. Айниқса кейинги пайтда ташувчилар ўз транспорт воситалари паркини янги ва замонавий уловлар билан тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, Самарқанд автомобиль заводида замонавий автобуслар ҳамда катта ва кичик ҳажмли юк автомобильлари ишлаб чиқарилаётгани ташувчиларга жуда қўл келмоқда.
2000-йилда республика бўйича 2032 та йўловчилар ташиш йўналишлари фаолият кўрсатган бўлса, 2018-йилнинг 1-январь ҳолатига йўналишлар сони 2343 тага ошиб, 4375-тани ташкил этди. Уларнинг 996 таси шаҳар, 3122 таси шаҳар атрофи ва 257 таси шаҳарлараро йўналишларни ташкил этади.
Автомобиль транспорти хизматлари бозорида рақобат мухитини шакиллантириш ва барча ташувчиларга тенг шароит яратиб бериш бўйича вилоят ва шаҳар ҳокимиятларидаги Комиссиялар ҳамда Агентлик қошидаги Идоралараро Комиссия томонидан йўловчи ташиш йўналишлари очиқ тендер танловлари орқали жойлаштирилмоқда.
2017-йил якуни билан жами 109 та очиқ тендер ўтказилган бўлиб, уларда 1072 та йўловчи ташиш бўйича йўналишлар жойлаштирилган. Шундан 179 та шаҳар ичидаги йўналишларини жойлаштириш бўйича 25 та тендер, 747 та шаҳар атрофи ва 82 та шаҳарлараро-вилоятлар ичидаги йўналишларни жойлаштириш бўйича 82 та тендер, 64 та шаҳарлараро-вилоятлараро йўналишларни жойлаштириш бўйича 7 та тендер ўтказилди.
Ҳисобот даврида режадаги 48 та ўрнига 125 та йўловчи ташиш йўналишлари ташкил этилиб, ушбу йўналишларда хизмат кўрсатиш учун жами 652 та, шу жумладан 326 та автобус, 46 та микроавтобус ва 270 та «Дамас» русумли автотранспорт воситалари бириктирилди.
2018-йилнинг 1-январь ҳолатига Ўзбекистон Республикасида автотранспортда йўловчи ташиш йўналишлари тизимининг ривожланиши жадвал(.эхел, 49.5кб)да акс этган.
Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган «ISUZU» русумли автобусларини йўналишларга бириктириш ишлари давом эттирилмоқда.
2017-йилда республика бўйича 86 та ташувчи томонидан 493 та (шундан – 118 таси лизинг, 355 таси банк кредити ва 20 таси тадбиркорнинг ўз сармояси ҳисобидан) «ISUZU» русумли автобуслар харид қилинди. Жумладан: Жиззахда – 78 та, Фарғонада – 70 та, Наманганда – 62 та, Бухорода – 58 та, Самарқандда – 46 та, Сурхондарёда – 43 та, Хоразмда – 40 та, Қорақалпоғистон Республикасида – 38 та, Қашқадарёда – 23 та, Сирдарёда – 15 та, Андижонда – 10 та, Тошкент вилоятида – 7 та ва Навоийда – 3 та. Шунингдек, Навоий вилоятида 1 дона юмшоқ ўринли «Youtong» русумли автобус сотиб олинди ва улар йўналишларда аҳолига хизмат кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, ҳисобот даврида ташувчилар томонидан тижорат асосида фойдаланиш мақсадида 760 та юк автомобильи, 26 та микроавтобус ва 476 та (шундан 257 таси «Дамас» русумли) енгил автомобильлари сотиб олинди.
Шунингдек, корхона ёки тадбиркорлар томонидан йил давомида автовокзал ва автостанцияларни реконструкция қилиш, қуриш ва жихозлаш учун киритилган инвестициялар миқдори 15.2 млрд. сўмни ташкил этди.
2017-йил давомида автотранспорт соҳасига тадбиркорлик субъектлари томонидан киритилган жами инвестиция миқдори қарийиб 300.0 млрд. сўмни ташкил қилиб, 2016-йилга нисбатан 100.0 млрд. сўмга ортди.
Меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш ва институционал ўзгаришлар бўйича Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан 2017-йил давомида 11 та норматив – ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, амалга жорий этилди.
Шунингдек, 10 та норматив – ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, шундан 4 таси ўрнатилган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилиб, 6 таси тегишли вазирлик ва идораларга келишиш учун тақдим этилган.
Бундан ташқари, вазирлик ва давлат идоралари томонидан ишлаб чиқилган 36 та меъёрий – ҳуқуқий ҳужжатлар экспертиза қилиниб, тегишли хулосалар берилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги