Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Эъзоз ва эҳтиром оғушида
2015-04-22 | Жамият
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигида бир гуруҳ уруш ва меҳнат фронти фахрийларига Президентимиз номидан "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги" эсдалик юбилей медалини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда кексаларни эъзозлаш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар тарбиясида оқилона фойдаланиш, нуронийларни тиббий ва ижтимоий муҳофазалаш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши ва фронт ортида хизмат қилган фахрийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш эзгу анъанага айланган.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 2015 йил 6 мартдаги "1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида"ги фармони ушбу юксак эҳтиромнинг амалдаги яна бир намунаси бўлди. Мазкур фармонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни умумхалқ байрами муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш, шунингдек, Ватанимиз озодлиги ва шаъну шарафи ҳимоячиларига бағишланган махсус учрашувлар, маърифий-бадиий кечалар ўтказиш вазифаси белгиланган.
Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, Мирзо Улуғбек туманида ҳам мазкур байрам муносабати билан турли тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, таълим муассасалари ва маҳаллаларда икки авлод учрашувлари, маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда. Ёлғиз кексалар, ногиронларга давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан эсдалик совғалари топширилмоқда. Бу ишларда "Нуроний", "Маҳалла" жамғармалари, "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати ва бошқа жамоат ташкилотларининг ҳиссаси катта бўлаётир.
– Туманимизда бугунги кунда бир юз саксон нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва фронт ортида хизмат қилган фахрий умргузаронлик қилмоқда, - дейди "Нуроний" жамғармаси туман бўлими раҳбари Исмоил Алимов. – Уларнинг саломатлигини асраш, тиббий-ижтимоий муҳофазалаш, ёшлар тарбиясига йўналтирилган тадбирларда фаол иштирокини таъминлашга доимий эътибор қаратилмоқда. Хотира ва қадрлаш куни байрами арафасида бу борадаги ишлар янада кенгаймоқда. Уруш фахрийларининг юртимиз тинчлиги йўлида кўрсатган жасоратлари ҳамда узоқ йиллик меҳнат фаолиятига бағишланган учрашув ва суҳбатлар ташкил этилмоқда.
– Урушдан кейин мактабда ўқитувчилик қилдим, – дейди Алишер Навоий номидаги маҳаллада яшовчи Маҳмуд ота Жабборов. – Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан, янгиланишлардан четда тургим келмайди. Замонавий андозалар даражасида барпо этилган мактаб ва коллежларга бориб, таълим жараёнини кузатаман, ўқувчилар билан суҳбатлашаман. Уларни бугунги имкониятлар, шарт-шароитлардан самарали фойдаланишга даъват этаман. Ёшлари эъзозланган, кексалари қадрланган шундай жаннатмонанд юртда яшашдан ортиқ бахт борми?! Ушбу дориломон кунларга етказганига минг шукр.
Байрамона безатилган дастурхон атрофида фахрийларимизнинг суҳбати янада қизийди. Нуронийларимиз кундан-кунга чирой очиб бораётган юртимизга янада равнақ, ёшларимизга камол тилаб, дуога қўл очади.
Манба: ЎзА