Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Парламент ва депутатлик назорати
2015-04-22 | Жамият
Қонун ва дастурлар ижроси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга хизмат қилади
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан "Янги ижтимоий-сиёсий шароитларда парламент ва депутатлик назорати самарадорлигини оширишнинг долзарб масалалари: қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти" мавзусида минтақавий семинар ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йилга ва келгуси йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури доирасида ташкил этилган тадбирда Сенат аъзолари, халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутатлари ва доимий комиссиялари раислари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятдаги бир қатор бошқарма ва идоралар, корхона ва ташкилотлар вакиллари қатнашди.
Олий Мажлис Сенатининг Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуратов ва бошқалар Президентимиз раҳнамолигида мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва жамиятни демократлаштириш жараёнида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан парламент назоратини амалга оширишда парламентнинг роли сезиларли даражада юксалаётганини таъкидлади. Бу эса қонунлар қандай ижро этилаётганини ўрганиш ва уларнинг амалиётдаги самарасини аниқлашнинг таъсирчан воситаси ҳисобланади.
– Парламент назорати халқ ҳокимиятчилиги тамойилининг рўёбга чиқарилишини таъминлайди, – дейди қўмита аъзоси, сенатор Зайнаб Бердиева. – Чунки бу назорат очиқ-ошкора, демократик сайловлар натижасида шаклланган ҳокимият тармоғи томонидан амалга оширилади. Бунда, айниқса, сенаторларнинг халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари ҳамда уларнинг доимий комиссиялари билан ҳамкорликда иш олиб бориши катта аҳамиятга эга. Чунки парламентда, энг аввало, минтақалар манфаатини ифода этувчи сенаторлар жойларда қонунларнинг, ҳудудларни социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожлантиришга доир энг муҳим давлат дастурларининг ижросини ўрганишда, қонунлар устида ишлаётганда маҳаллий Кенгашлар фаолиятига таянади.
Семинарда янги ижтимоий-сиёсий шароитларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишда парламент ва маҳаллий Кенгашларнинг тутган ўрни ва бу борадаги хорижий тажриба, парламент назорати самарадорлигини оширишнинг қонунчилик асослари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятида депутатлик назоратидан фойдаланишнинг долзарб масалалари, парламент ва депутатлик назоратини амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотларининг роли каби мавзуларда маърузалар тингланди. Ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида парламент назоратини кучайтириш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳамда бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида қонунийлик, очиқлик ва ошкораликни таъминлаш зарурлиги қайд этилди.
Манба: ЎзА