Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
«Le Quotidien» газетаси Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳияти ҳақида
2018-01-17 | Иқтисодиёт
Люксембургда нашр этиладиган «Le Quotidien» газетасида мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳиятига бағишланган мақола босилиб чиқди.
Унда Ўзбекистон Европа ва Осиёни бир-бирига боғлаб турадиган, бой тарих ва имкониятларга, уран, олтин, мис, нефть ва бошқа минерал ресурсларнинг салмоқли захирасига эга бўлган мамлакат сифатида таърифланган. Мақолада алоҳида таъкидланганидек, бугунги кунда юқори технологияга асосланган индустрияни ривожлантириш республика раҳбариятининг асосий устуворликларидан бири ҳисобланади.
«Ўзбекистон сиёсий жиҳатдан барқарор давлатдир. Бир йилдан бироз кўпроқ муддат муқаддам Шавкат Мирзиёев мамлакат Президенти этиб сайланган эди. Мамлакатда 32 миллиолн аҳоли истиқомат қилади, Бенилюкс мамлакатларида ушбу ўлкадан келган қарийб 1500 нафар киши яшайди», деб ёзади газета.
«Le Quotidien»нинг қайд этишича, Ўзбекистон ва Люксембург ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар кўламларини кенгайтириш учун аниқ-равшан омиллар мавжуд. Шу ўринда нашр 1992 йил 2 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Буюк Люксембург Герцоглиги Ҳукумати ўртасида иккиёқлама солиқ солинишининг олдини олиш ҳамда даромад ва сармоя солиқларини тўлашдан бош тортишни бартараф қилиш тўғрисида Конвенция имзолангани ҳамда 2017 йил 18 сентябрда мазкур ҳужжатга айрим тузатишлар киритиш тўғрисидаги Протокол қабул қилинганини ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилган.
Мақолада хабар берилганидек, ўтган йил ноябрь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистоннинг иқтисодий ва сармоявий салоҳияти тақдимоти чоғида Люксембург ишбилармон доираларининг эътиборига республикада бизнес юритиш имкониятлари ҳақидаги батафсил маълумотлар ҳавола этилгани ва улар Буюк Люксембург Герцоглиги бизнес ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан қабул қилингани алоҳида таъкидланган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги