Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Етук кадр - жамият келажаги
2018-01-17 | Жамият
Сурхондарё вилояти божхона бошқармасида шахсий таркиб билан ишлаш, уларни билим ва кўникмалари ҳамда бошқарувчанлик қобилияти бўйича кадрларни лавозимга кўра тўғри тақсимлаш борасида бошқарма олдида турган устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирни вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Толибжон Саидов очар экан, 2017 йил давомида мазкур бошқарма томонидан шахсий таркиб ўртасида ички хавфсизликни таъминлаш, коррупция ва бошқа ножўя ҳатти-ҳаракатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар борасида тўхталди. Хусусан, коррупция ва унинг салбий оқибатлари тўғрисида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари билан 2017 йилда 55 маротаба умумий йиғилишлар ўтказилганлигини, 182 нафар ходим билан индивидуал тартибда профилактик тарбиявий ишлар олиб борилганлиги, божхона ходимлари томонидан келгусида жиноят содир этишининг олдини олиш, ножўя ҳатти-ҳаракатларга чек қўйиш тўғрисида фикрлар алмашилди.
Божхона назоратини ташкил этиш, контрабандага қарши курашиш, ижро ва хизмат интизоми, интизомий устав ва одоб-ахлоқ қоидалари талабларига риоя этилишини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар танқидий баҳоланиб, шахсий таркиб орасида ижобий муҳитни яратиш, ижро интизомини сўзсиз бажариш, бунда айниқса раҳбар ходимларнинг масъулиятини янада оширишга оид кўрсатмалар берилди.
Тадбир давомида Толибжон Саидов таъкидлаганидек, ходимларни интизомий жазога тортиш эмас, аксинча, уларининг муаммоларини ўрганиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, энг муҳими уларнинг юрагидаги Ватанга хизмат қилиш ҳиссини рағбатлантириш зарур.
Шунингдек, йиғилиш давомида сўз олган божхона органларининг ўз хавфсизлиги гуруҳи катта тезкор вакили Жамшид Эшқулов хизмат қилаётган ходимлар ва уларнинг харакатларига баҳо беришда ўзини оқламаган, фақатгина салбий таъсир кўрсатган амалиётлардан воз кечиб, янгича фикрлайдиган, ташаббускор, эл-юртга садоқатли кадрларга кенг йўл очиш, инновация ва ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланадиган янги авлод кадрларини тайёрлаш дунё ҳамжамияти билан тенглаша олишга замин яратиб беради.
Шерзод Мусулмонов
божхона хизмати ходими
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси