Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ўзбекистон Омбудсмани: Маҳкумлар ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахслардан тушаётган мурожаатлар сони ошиб бораётгани Омбудсманнинг мазкур йўналишдаги фаолияти муҳимлигидан далолат беради
2018-01-16 | Сиёсат
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) 2017 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент ва Навоий вилоятларидаги олтита жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар ҳамда эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича комплекс назорат олиб борди.
800 дан ортиқ маҳкумлар билан учрашув ва суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг шарт-шароитлари, тиббий хизматдан қандай фойдаланаётгани, муассасаларда меҳнатни ташкил қилиш, умумий таълим, тарбиявий ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлиги ўрганилди.
Маҳкумлар ва эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган шахслардан тушаётган мурожаатлар сони ошиб бораётгани Омбудсманнинг мазкур йўналишдаги фаолияти муҳимлигидан далолат беради. Мисол учун, 2015 йилда бундай мурожаатлар сони 147 та бўлган бўлса, 2016 йилда 211 тани ташкил этди. 2017 йилда бу кўрсаткич 2,5 баробар кўпайиб, 557 тага етди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Манба: ЎзА