Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Қабристонлар ободлиги юрт ободлигидир
2018-01-15 | Жамият
Ҳар бир халқнинг маданиятини билмоқчи бўлсанг, мозорию бозорини бориб кўр, деган нақл бор. Зеро, мозор марҳумларнинг маскани, бозор эса тирикларнинг яшаш манбаи саналади. Истиқлол йилларида азизларимизнинг қадамжолари, зиёратгоҳлар ва қабристонларни ободонлаштиришга катта эътибор қаратилди. Чунки бу жойларда юртимиз равнақига улкан ҳисса қўшган не-не азиз инсонларимиз, қондош-жондошларимиз ётибди. Марҳумлар мангу қўним топган масканларни обод қилиш тирикларнинг вазифасидир. Қабристонларни зиёрат қилганда беихтиёр умр ўткинчилиги эсга тушади. Инсон ўзини хайрли ишларга чоғлайди. Ножоиз юмушлардан тийилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоху алайҳивассаллам ўз ҳадисларидан бирида қайд этганларидек: «Қабристонни зиёрат қилиб туринглар, зеро, у сизларга охиратни эслатади».
Шоир Чустий «Индамаслар олами» деб номланган манзумасида қабристонларни «индамаслар олами» деб атаганди. Мангу уйқуга кетган марҳумларнинг арвоҳлари ҳам фарзандларидан қабрларини Қуръон тиловатлари билан зиёрат қилиб туришларини интиқ-интиқ – зор бўлиб кутишаркан. Ноқобил фарзандларидан норизо бўлишаркан.
Инсон умрининг энг қисқа формуласи шундай: туғилиш, улғайиш, қазоси етганда боқий дунёга равона бўлиш. Бироқ тириклар ва ўликлар орасидаги кўз илғамас ришталар ҳеч қачон узилмайди. «Индамаслар оламига» сафар қилган азизларимизни, ота-оналаримизни, оға-иниларимизни ҳар куни эслаб туришимиз, руҳи покларига Қуръон тиловати қилишимиз жоиздир.
Сирдарё туманидаги «Янгиобод» CИУ ҳудудидаги Янгиобод маҳалласи қабристонида ўтган вилоят кўргазмали семинари ана шу муқаддас маскан – қабристонларда амалга оширилиши зарур бўлган долзарб масалаларга бағишланди.
Қабристонларни ободонлаштириш юмушлари давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат-этиборида турибди. Бу долзарб масала халқ депутатлари Тошкент вилояти сессиясида яна бир бор тилга олинди. Бугунги кунда вилоятимиздаги барча 164 та қабристоннинг эгалари бор. Яъни, хар бир қабристонга биркитилган шайхлар, гўрковлар ва қоровуллар туман-шаҳар ободонлаштириш бошқармаларидан маош олишади.
Кўргазмали семинарда сўз олган вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев аждодларимиз руҳини шод этиш тирикларнинг муқаддас вазифаси эканлигини алоҳида таъкидладилар. Шоҳнинг ҳам, гадонинг ҳам алалоқибат борадиган жойи шу маскан эканлигини эслатдилар. Шу боис ҳар бир оила ойида икки марта боқий дунёга кетган яқинларидан хабар олиб, руҳи покларига Қуръон тиловати қилиш ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини уқтирдилар. Зиёратга фарзандларини ҳам олиб келсалар, авлодлар ўртасидаги ришта бунданда мустаҳкамланишини очиқладилар. Бундан кейин туман-шаҳарлар ҳокимлари қабристонлар ободончилиги билан жиддий шуғулланишлари зарурлигини бот-бот такрорладилар.
Сўнгра нотиқ ҳақиқий қабристон қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб излади. Дарҳақиқат, Янгиобод маҳалласи қабристони «Оқолтиндон» АЖ томонидан рисоладагидек тартибга келтирилди. Қабристонга кираверишда майитни мангу манзилга кузатиб келганлар учун иккита катта шийпон қурилди. Ҳожатхона, тахоратхона, шайх ва гўрковлар дам оладиган хона, ёғин-сочиндан асрайдиган соябонлар бунёд этилди. Қабристон йўлакларига асфальт ётқизилди. Йўлакнинг икки четидаги мармар лавҳаларга қабристонга ташриф буюрганда ўқиладиган дуолар, ҳадиси шарифдан намуналар, улуғ алломаларимиз Аҳмад Яссавий, Абу Ҳомид Ғаззолий ва бошқаларнинг ҳикматли сўзлари дарк этилди. Йўлак атрофида ям-яшил арчалар кўкка бўй чўзиб турибди. Бу қабристон маданиятини йўлга қўйишнинг энг мақбул усулидир. Вилоятимиз ҳокими ҳудудимиздаги барча қабристонлар яқин келажакда турли ташкилот, корхона ва муассасалар ҳомийлигида шу таҳлил гўзал ҳолга келтирилишини алоҳида урғулади. Бундай савоб ишлар динимизда «садақаи жория» деб аталишини йиғилганларга айтди.
Вилоят бош имом хатиби Мўминжон ҳожи Усмонов қабристонларни ободонлаштиришдек хайрли ишларга бош қўшган инсонларнинг савобли ишларига кушойиш тилаб. марҳумларнинг руҳи покларига Қуръон тиловати қилди.
Шу жойнинг ўзида енгиллик бўлсин, дея жонлиқ суйилиб, қон чиқарилди. Кўргазмали семинар поёнида тадбирга ташриф буюрганларга эҳсон оши тарқатилди.
Тадбир қатнашчилари – вилоятимизнинг турли гўшаларидан ташриф буюрган нуронийлар, дин, маҳалла, ёшлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари, кенг жамоатчилик қабристонларни ободонлаштиришга чорланди, сафарбар этилди. Зеро, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг муборак минбаридан туриб қилган маърузаларида Ислом динининг маърифати чексиз-чегарасиз эканлигини бутун дунёга маълум қилдилар. Бас, шундай экан, юртимизда динимизнинг асл маъно-моҳиятини чуқур англаб, унинг ирфонини кенг ёймоғимиз керак бўлади. Зеро, Бухорийлар, Термизийлар, Мотуридийлар, Марғинонийлар етишиб чиққан юртда яшаётган одамларнинг маънавияти ҳам шунга яраша бўлмоғи лозим.
Мухаммадали АҲМАД.
(«Сирдарё ҳақиқати»дан)
Манба: Сирдарё вилояти ҳокимлиги