Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватан ҳимоячилари куни байрами вилоят тадбири
2018-01-15 | Жамият
14 январь куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси қуролли кучлари ташкил топганлигининг 26 йиллигига бағишлаб ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган вилоятнинг асосий тадбири ўтказилди. Байрам эрта тонгда шаҳардаги Мотамсаро она ҳайкали пойига гуллар қўйишдан ва Фарғона шаҳри кўчалари бўйлаб ҳарбий парад – фестиваль ўтказилиши билан бошланди.
Шундан сўнг Ислом Каримов номидаги вилоят театр санъат саройида байрам дастури давом эттирилди. Тадбирни Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев очиб берди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Табрикдан кейин байрам муносабати билан давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ соҳа вакилларига ҳамда ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган кўрик-танлов ғолибларига ва кўплаб фидойи ватан ҳимоячиларига мукофот, эсдалик совғалар, шунингдек, хизмат бурчини бажариш чоғида вафот этган мард ўғлонларнинг яқин оила аъзоларига пул мукофотлари республикамиз Мудофаа вазирининг 1-ўринбосари Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи Эргашев Павел Исмаилович иштирокида топширилди.
Шундан сўнг байрамга бағишланган концерт дастури намойиш этилди. Унда эл севган санъаткорлар, эстрада юлдузлари ўз чиқишларини қилишди. Тадбирга шунингдек, ҳарбийлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ва уларнинг оила аъзолари, кенг жамоатчилик вакиллари таклиф этилди.
Манба: Фарғона вилояти ҳокимлиги