Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Пресс-релиз “Бюджет 2018: халқ манфаатлари, аниқ кўрсаткичлар ва янги ёндашувлар”
2018-01-14 | Жамият
2018 йилнинг 11 январь куни Халқаро пресс-клубда оммавий ахборот воситалари вакиллари учун «Бюджет 2018: халқ манфаатлари, аниқ кўрсаткичлар ва янги ёндашувлар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.
Анжуманда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Cенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Мухамет Джумагалдиев, Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Баҳодир Тажиев, ушбу қўмита аъзоси Баҳодир Юсупов ҳамда иқтисодиёт вазирининг макроиқтисодий сиёсат, банк соҳасини ривожлантириш ва халқаро молия ташкилотлари билан ишлаш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев, Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Назарали Норбаев спикер сифатида иштирок этди.
Шунингдек, тадбирда Сенат аъзолари, Молия, Адлия, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Тошкент давлат молия институти, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, “Тараққиёт стратегияси” маркази вакиллари, айрим кўп тармоқли фермер хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгалари ҳам қатнашдилар.
Таъкидланганидек, 2018 йилга давлат бюджети ва солиқ сиёсатини такомиллаштириш, шунингдек 2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича Дастур сенаторлар томонидан Олий Мажлис Сенатининг 2017 йилнинг 20-21 декабрь кунлари бўлиб ўтган ўн учинчи ялпи мажлисида маъқулланган эди. Ҳозирги пайтда жойларда ушбу муҳим ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини аҳолига кенг тушунтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда халқ фаровонлигини ошириш, аҳоли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳудудларни жадал ривожлантириш, тадбиркор ва сармоядорларга қулай шарт-шароитларни таъминлаш бўйича вазифаларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган 2018 йилга Давлат бюджети ва солиқ сиёсатини такомиллаштиришнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Ўз навбатида, Кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш бўйича дастур фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш, экин майдонларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва ривожлантириш, фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли хўжаликларга айлантиришга қаратилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилга Давлат бюджети Президентимиз томонидан белгиланган ва 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қайд этилган мақсад ва устувор йўналишлардан келиб чиқиб, жойлардаги ишларнинг реал ҳолати ва ҳудудлар имкониятларини ўрганиш, ҳал қилиниши лозим бўлган долзарб муаммоларни аниқлаш асосида халқаро молия институтлари томонидан тан олинган макроиқтисодий кўрсаткичлар, нарх индексларини ҳисобга олган ҳолда, ишлаб чиқилган.
Мамлакатимизда 2018 йилда ЯИМ 290,6 триллион сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда, ЯИМ дефлятори 14,1 фоизни, истеъмол нархлари индекси 12,4–13,4 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.
Давлат бюджети параметрлари илк бор ЯИМга нисбатан 0,02 фоиз профицит билан прогнозлаштирилмоқда. 2018 йилга Давлат бюджети харажатларининг асосий йўналишлари мамлакатимиз бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналишини сақлаб қолишни назарда тутади. Хусусан, 2018 йилда ижтимоий соҳага қаратилган харажатлар 34,7 триллион сўмни ёки бюджетнинг кўзда тутилган умумий харажатидан 55,7 фоизни ташкил этади. Қабул қилинган давлат дастурларини амалга оширишга 8,5 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда. Иқтисодиётга харажатлар 7 триллионга яқин ёки харажат қисмининг 11,2 фоизини ташкил этади.
2018 йилга солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари солиқ юкини янада камайтириш, бир хил солиққа тортиш базасига эга солиқ ва мажбурий тўловлар сонини қисқартириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини мустаҳкамлаш ҳамда улар мустақиллигини ошириш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва бюджетга тушумлар тўлиқлигини таъминлашни назарда тутади. Якка тартибдаги тадбиркорлар учун қатъий ўрнатилган солиқ ставкаларини ўртача 30 фоизга пасайтириш назарда тутилмоқда. Бу, ўз навбатида, аҳолининг тадбиркорлик фаоллигини ошириш имконини беради.
2018 йилда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш бўйича Дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йилнинг 9 октябридаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Дастур Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари вилоят кенгашлари томонидан тасдиқланган кўп тармоқли фермер хўжаликларини ташкил этиш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий дастурлар асосида тайёрланган. Дастурга мувофиқ, 2018 йилда республикамиз бўйича 21 минг 634 фермер хўжаликларида кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўйишга қаратилган 22986 та лойиҳа амалга оширилади. Хусусан, кўп тармоқли фермер хўжаликлари томонидан 7,4 минг гектар ерда интенсив боғлар, 4,3 минг гектарда янги токзорлар ва 844 гектарда иссиқхоналар ташкил этилади.
2018 йилга тасдиқланган лойиҳаларни амалга оширишга республикамиз миқёсида 1603 млрд. сўм йўналтириш назарда тутилган, улардан 608,8 млрд сўми – тижорат банкларининг кредитлари ҳисобидан йўналтирилади. Асосийси, қишлоқ жойларида 83567 та иш ўрни ташкил этилиши кутилмоқда.
Матбуот анжуманида сенаторлар ва экспертлар журналистларни қизиқтирган кўплаб саволларга жавоб қайтардилар.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати