Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Ватан посбонларига байрам туҳфаси
2018-01-15 | Жамият
Аслида қўлига қурол тутган, ҳарбий либос кийган ҳар қандай инсон ҳам асл ҳарбий бўлавермайди. Бу мезон унинг қалбидаги ватанпарварлиги, юртга садоқати билан белгиланади. Шукурки, ҳам маънан, ҳам жисмонан комил, мустаҳкам армияга она халқимиз ўзини ишониб топширган. Ана шундай мард ва жасур ҳарбийлар иштирокида куни кеча “Туркистон” ва бугун “Истиқлол” санъат саройларида концерт дастурлари намойиш этилди.
Маданият вазирлиги, Қуролли кучлар академияси ва Мудофаа вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир ҳарбий қасамёд қабул қилиш маросими намойиши билан бошланди. Халқ артистлари Озодбек Назарбеков, Гулсанам Мамазоитова, Зулайҳо Бойхонова каби хонандаларнинг куй-қўшиқлари томошабинлар кўнглига завқ бахш этган бўлса, хореография мактаби ўқувчилари, “Тантана” болалар ашула ва рақс ансамбли ва аскар жамоалари ижросидаги рақслар эса ҳайрату шавқ бағишлади.
Кўнгилочар томоша-ю тадбирлар қачон кўнгилга сиғади, татийди, қачонки дил хотиржамлиги шуурга таскин бериб турса, онгимизни халоват чулғаса, юрт тинчлигидан қалблар шукронага йўғрилса...
Авваллари йигитлар ҳарбий хизматдан қолиш пайида бўлишган, ҳозир эса аксинча, боришга ҳаракат қилишади, чунки хизматни ўз юрти учун адо этишади, дея гап бошлаган сўз устаси Аваз Охун ва Шукрулло Исроиловлар ўз ҳазил-мутойибалари билан ҳарбийлар чеҳрасига табассум ҳадя этган бўлса, Ботир Қодиров, Абдурашид Йўлдошев, Тўлқин Жабборов, Абдулла Шомағрупов, Мавлуда Асалхўжаева, Феруза Жуманиёзова, Махсет Утемуратов, Шуҳрат Воҳидов, Рашид Холиқов, Равшан Намозов, Шохрух Йўлдошев, Улуғбек Раҳматуллаев, Райхон Ғаниева, Зилола Мусаева (Шаҳзода), Муниса Ризаева, Тоҳир Содиқов каби хонандалар, “Дурдона”, “Замин”, “Мароқанд”, “Санъат”, “Божалар”, Фарход ва Ширин дуэти, “Бек”, “Шарқ” каби ижодий гуруҳлар ижроси томошабинларга маданий ҳордиқ улашди. Айниқса, халқ артисти Шерали Жўраев ҳамда хонандалар Шоҳжаҳон ва Зоҳиршоҳ Жўраевлар ижросидаги қўшиқлар ҳарбийларга манзур бўлиб, кўнгилларни мунаввар этди.
Ҳарбий бўлиш шараф, харбий бўлиш фахр. Бу нафақат ўзи, балки оила, маҳалла, она юрт учун ифтихор ва ғурур ҳисобланади.Менинг болакайлар кўзидан ўқиган ҳақиқатим эди булар. Оиласи билан ташриф буюрган ҳарбийларнинг фарзандларинигоҳида ҳудди шу сурур барқ уриб, отаси каби ҳарбий либос кийган фидойиларнинг кўплигига ҳайрат билан қараши дилга завқ беради. Оналари билан ташриф буюрган ҳарбийларнинг эса волидалари кўзларидаги шукроналик, фахр туйғулари назари тушган ҳар кимга ҳам ўз қувончини юқтириши тайин.
Мана шу қувонч ҳеч бир юртдошимизнинг нигоҳини тарк этмасин. Шу каби тадбирлар кўнгилга сиғиб турган тинчлик-хотиржамлик кунлари, халоват бахти юртимизни ҳеч қачон тарк этмасин. Ватан ҳимоячилари қалбида садоқат, ватанга муҳаббат туйғуси бардавом бўлиб, ўзини Она юрт ҳимоясига доимо шай деб билган барча ватандошимизга 14 январ – Ватан ҳимоячилари куни муборак бўлсин!
Манба: Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги