Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Давлат молия тизимини такомиллаштириш бўйича гуруҳ ташкил этилади
2018-01-15 | Иқтисодиёт
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан мамлакатимизда давлат молиясини бошқаришнинг замонавий ва илғор илмий-техникавий ютуқлари ҳамда тажрибаларини кенг жорий этишга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда асосий эътибор Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидаги танқидий фикрлар ва вазирликка юклатилган вазифаларни юқори даражада бажариш масалаларига қаратилди.
Молия вазири ўринбосари Дилшод Сатторов давлат молиясини бошқариш ва солиқ маъмурчилигини янада такомиллаштириш, молия органлари фаолияти самарадорлигини ошириш учун Ҳаракатлар стратегияси, Маъмурий ислоҳотлар концепцияси, шунингдек, давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида молия идоралари фаолиятига билдирган фикрлари бўйича энг долзарб ва ечимини кўп йиллар кутаётган вазифаларнинг бажарилишига эътибор қаратиш лозимлигини айтди.
Мутахассислар Ўзбекистон Республикасининг 2018 йилга мўлжалланган бюджет сиёсати ҳамда ушбу жараённи такомиллаштириш бўйича ўз тақдимотларини намойиш этди. Қайд этилганидек, 2018 йилда жами бюджет харажатларининг 56 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилади. Шунингдек, давлат бюджетининг ғазна ижроси механизмлари, ички аудит ва молиявий назорат, пенсия тизимини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар баён қилинди.
Молия вазирлиги ва унинг қуйи тизимларида мавжуд бўлган вакант иш ўринларини тўлдиришда инновацион ғоя ва фикрга эга бўлган, халқ манфаатларига садоқат билан хизмат қиладиган билимли, ташаббускор, ҳалол ва фидойи янги авлод кадрларини жалб қилиш, уларни масъул вазифаларга тавсия этиш ҳамда доимий янгиланадиган захирасини яратиш бўйича таклифлар билдирилди.
Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги интернет тармоғида “Менинг фикрим” деб номланган веб-саҳифасини очиш бўйича билдирилган таклиф асосида молия тизимини такомиллаштириш бўйича юқори малакали, соҳага қизиқиши юқори бўлган етук мутахассислардан иборат гуруҳ ташкил этиш белгиланди. Гуруҳ аъзолари мамлакатимиз фуқароларининг давлат молиясини такомиллаштиришга дахлдор муҳим масалалар бўйича фикрларини ўрганади ва амалиётга татбиқ қилиш учун жамлайди.
Давра суҳбатида молия тизимини такомиллаштириш масалаларини қамраб олган саволномалар тарқатилди ва уларга жавоб олинди.
Манба: ЎзА