Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
АҚШ Марказий Осиёга эътибор қаратмоқда
2018-01-15 | Сиёсат
Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиёда "С5+1" форматида учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.
"С5+1" Марказий Осиёнинг беш давлати ва АҚШ ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарларининг мулоқотини англатади. Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ташқи ишлар вазирлари ва АҚШ Давлат котибининг ушбу форматдаги илк учрашуви 2015 йил 1 ноябрда Самарқандда бўлиб ўтган.
Хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатилган хабарларга кўра, АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Элис Уэллс "С5+1" форматидаги шерикликни амалий ва самарали деб атаган.
Аввалги маъмурият томонидан йўлга қўйилган бу формат АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан ҳам тўла қўллаб-қувватланмоқда, деган Элис Уэллс. Давлат котибимиз Рекс Тиллерсон Нью-Йоркда ўз ҳамкасблари билан бу доирада учрашганди. Келгусида Марказий Осиёда шундай учрашув ўтказилади. Бу лойиҳани мустаҳкамлаш учун АҚШ Конгресси 15 миллион доллар маблағ ажратган.
Унинг сўзларига кўра, Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё бирлашаётгани ва минтақанинг умумий муаммоларини ҳал қилаётганидан хурсанд.
Ишонч билан айтиш мумкинки, бундай натижага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли эришилди.
Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурида, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимидаги нутқида Ўзбекистон барча давлатлар, биринчи навбатда, қўшни мамлакатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилишини таъкидлаган эди.
Бу мақсадлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ўз ифодасини топди. Чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритиш, Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яхши қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилишни ҳал этиш каби масалалар устувор йўналишлар этиб белгиланди.
Ўтган қисқа вақтда бу борада тарихий қадамлар қўйилди. Президентимиз илк давлат ташрифларини қўшни мамлакатларга амалга оширди. Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари давлат ташрифи билан Тошкентда бўлди. Бу Ўзбекистон ташқи сиёсатда яхши қўшничилик муносабатларига алоҳида аҳамият қаратаётганини яққол тасдиқлади.
Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва сиёсий иродаси туфайли минтақада ишонч даражаси сезиларли ошди. Давлат чегаралари, сувдан фойдаланиш муаммолари, транспорт йўлаклари, савдо алоқалари, ҳудудлар ҳамкорлиги каби кўплаб масалалар бўйича ўзаро манфаатли ечимлар топишга эришилди.
Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида Ўзбекистон бугунги кунда ўзининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақасига устувор аҳамият қаратаётганини таъкидлади. “Марказий Осиёнинг қоқ марказида жойлашган Ўзбекистон ушбу минтақа барқарорлик, изчил тараққиёт ва яхши қўшничилик ҳудудига айланишидан бевосита манфаатдордир. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир. Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир. Биз Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳеч истисносиз барча масалалар бўйича оқилона муроса асосида ҳамкорлик қилишга тайёрмиз”, деган эди давлатимиз раҳбари.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2017 йил 10-11 ноябрь кунлари “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида йирик халқаро конференция ўтказилди. Конференцияда Президентимиз нутқ сўзлаб, Марказий Осиёни барқарор ва иқтисодий ривожланган минтақага айлантириш, улкан ҳудудда тинчлик ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш бўйича долзарб ташаббусларни илгари сурди. Қўшни давлатлар вакиллари уларни қўллаб-қувватлаб, минтақа олдидаги долзарб масалаларни муҳокама қилди, умумий ёндашувлар ва истиқболдаги вазифаларни белгилаб олди.
Минтақамиздаги бундай ижобий ўзгаришларни Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ҳам эътироф этди. 2017 йил 19 декабрь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқотда АҚШ Президенти Ўзбекистоннинг минтақа мамлакатлари билан яхши қўшнилик муносабатларини ривожлантириш ва кооперацияни фаоллаштиришга қаратилган, Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган очиқ ва конструктив ташқи сиёсати ва фаол саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
"С5+1" форматида ўтказиладиган навбатдаги учрашув Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Манба: ЎзА