Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
“Ўзбекистон–сармоядорлар учун катта имкониятлар замини”
2018-01-12 | Иқтисодиёт
Эронда инглиз тилида нашр этиладиган “Iran News” газетасида ана шундай сарлавҳа остидаги мақола босилиб чиқди. Муҳаррир Фареддун Тахерпур қаламига мансуб мазкур мақолада Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий ривожланишига оид атрофлича маълумотлар ўз ифодасини топган.
Мақолада Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлис палаталарига Мурожаатномаси тарихий аҳамиятга эга эканлиги алоҳида қайд этилган. Материалда 2018 йил мамлакатимизда "Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили" деб эълон қилингани ҳам қаламга олинган.
Муаллифнинг таъкидлашича, тарихан қисқа давр оралиғида Ўзбекистон аграр республикадан иқтисодиёти изчил ривожланаётган индустриал мамлакатга айланди, жаҳон ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.
Нашр республикамизда ўнлаб юқори технологияларга асосланган янги ишлаб чиқариш тармоқлари барпо этилганини ҳам ўқувчиларнинг эътиборига ҳавола қилган. “Автомобилсозлик, нефт-газ, электротехника, кимё ва фармацевтика сингари саноатнинг замонавий жабҳалари юзага келди, тўқимачилик, озиқ-овқат ва бошқа тармоқлар тўла модернизациялашди, юзлаб йирик саноат объектлари қурилди”, деб ёзади газета.
Кўрилаётган чора-тадбирларнинг натижаси ўлароқ, мамлакатда қатор эркин иқтисодий зоналар фаолият кўрсатаётгани, уларда хорижлик сармоядорлар учун солиқ, божхона тўловлари бўйича имтиёзли шароитлар ва бошқа қатор қулайликлар тақдим этилгани ҳам таъкидланган.
Манба: “Дунё” ахборот агентлиги