Ўзбекистон Республикаси
Ҳукумат портали
Тадбиркорлар: 2018 йилда берилган енгиллик ва солиқ имтиёзлари ҳақида маълумотларга эга бўлдик
2018-01-12 | Иқтисодиёт
Аввал хабар берганимиздек, пойтахтимиздаги «Ўзекспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуида Давлат солиқ қўмитаси томонидан солиқ ва бюджет сиёсатининг 2018 йилги асосий йўналишларидан келиб чиқиб солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартириш ҳамда қўшимчалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида кўргазмали семинар ўтказилди.
Семинарда қатнашган тадбиркорлик субъектлари вакиллари анжуман юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар:
Сардор Иброҳимов, Хоразм вилоятидаги «URGANCH MASTER SERVIS» хусусий корхонаси бош менежери:
– 2007 йилда ташкил этилган корхонамиз матбаа маҳсулотлари, хусусан, буклетлар, тайёр товарларни қадоқлашга мўлжалланган идиш ва қутилар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Фаолиятимизни 4 нафар ишчи билан бошлаган бўлсак, бугунги кунда 40 нафар маҳаллий йигит-қизлар хориждан келтирилган замонавий ишлаб чиқариш ускуналарини бошқаришмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган кўргазмали семинарда иштирок этдим. Тадбир менда катта таассурот қолдирди. Боиси, ушбу семинарда фаолиятимиз давомида зарур бўладиган ахборотлар, солиқ қонунчилигига киритилган янгилик ва ўзгартиришлар, жумладан, тадбиркорлик субъектларига 2018 йилда берилган енгиллик ва солиқ имтиёзлари ҳақида ўзимиз учун зарур маълумотларга эга бўлдик. Шуни айтишим керакки, йилдан-йилга бундай имкониятларнинг кенгайтириб борилаётганлиги тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини янада ривожлантиришларига хизмат қилади.
2018 йил мамлакатимизда «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили», деб ном берилиши ҳам бизни қувонтирди. Келгусида берилган солиқ имтиёзларидан унумли фойдаланиб, инновацион технологияларни самарали қўллаган ҳолда ишлаб чиқариш тармоғини янада кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Шерзодбек КАРИМОВ, Андижон вилоятидаги «KRAV TEKS» МЧЖ шаклидаги хорижий сармоя иштирокидаги корхона раҳбари:
– 2011 йилдан буён тўқимачилик соҳасида фаолият олиб борамиз. Ҳукуматимизнинг тегишли қарорига асосан корхонамизга солиқ имтиёзлари берилган. Ушбу имтиёзлар асосида бўшаган маблағлар ҳисобидан хорижий мамлакатлардан гул босиш, бўяш ва тикишда ишлатиладиган ускуналарни имтиёзли равишда олиб келиб, ишга туширдик. Шунинг ҳисобидан корхонамиздаги ишчилар сони 280 нафарга етди.
Маҳсулотларимизни дастлабки йилларда Россия, Қозоғистон, Қирғизистонга экспорт қилган бўлсак, жорий йилдан бошлаб Исроилга ҳам жўната бошладик. Ҳозирда Америка Қўшма Штатлари ва Италиядаги ҳамкорларимиз билан келишувлар олиб борилмоқда. Умуман олганда корхонамизнинг маҳсулот экспорт қилиш ҳажми ортиб, йилига ўртача 2,5 миллион АҚШ долларини ташкил этмоқда. Фаолиятимиз муносиб баҳоланиб, корхона 2016 ва 2018 йилларда «Энг намунали солиқ тўловчи» сифатида эътироф этилди.
Семинар давомида жорий йилда солиқ соҳасида киритилган янгилик ва ўзгартиришлар тўғрисида зарур маълумотларга эга бўлдик. Ўйлайманки, Президентимиз ва ҳукуматимиз қарорлари асосида тақдим этилаётган солиқ имтиёзлари ва преференциялари кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг янада жадал ривожланишига хизмат қилади.
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси