Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш, тадбиркорлар фаолиятидаги муаммоларни бартараф этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Вилоят ҳокимлиги томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли вакили, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси, тижорат банклари ҳудудий филиаллари вакиллари, бир қатор давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, тадбиркорлар иштирок этди.
Йиғилишда тадбиркорларни қийнаётган муаммоларни, қонуний фаолиятида учраётган тўсиқларни бартараф этиш масалалари кўриб чиқилди. Бўш турган биноларни тадбиркорларга "ноль" харид қийматида сотиш, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ер ажратиш тизимини соддалаштириш, интернет тармоғида электрон савдо ва аукционлар ташкил қилиш, тадбиркорларнинг банк-молия талаблари, кредит олиш ҳамда тўлов масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил бошидан буён вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ идораларининг ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилигида тузилган секторлар томонидан 186 тадбиркорнинг муаммоси ўрганилиб, аксарияти жойида ҳал этилди. Hоқонуний фаолият кўрсатаётганларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилди. Хусусан, ўзи фойдаланмай, бошқа тадбиркорларга ҳам ижарага бермаслиги туфайли 10-15 йилдан буён бўш қолиб кетган бинолар эгаларига ҳам энди қонун доирасида тегишли чора кўриш лозимлиги таъкидланди.
Паркент туманида аниқланган 73 бўш турган бинонинг фақатгина 17 таси тадбиркорларга фойдаланишга берилган, қолганлари ҳалигача қаровсиз ҳолда қолмоқда. Янгийўл, Олмалиқ, Ангрен ва Чирчиқ шаҳарлари, Юқори Чирчиқ, Чиноз туманларида ҳам бу борадаги аҳвол яхши эмас.
Видеоселектор йиғилишида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди. Унда энди фаолият бошлаган тадбиркорларнинг солиқ юкини камайтириш ва қулайлаштириш, ўз эҳтиёжи учун объектлар қураётган, янги ташкил этилган кичик ва ўрта тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари билан боғлиқ муаммолари ҳам кўриб чиқилди.
Бекобод туманида яшовчи Эркин Ҳамроев 2013 йилдан буён ўз тадбиркорлигини бошлаш йўлида кўплаб муаммоларга дуч келган.
– Ҳудудда яхна ичимликлар ишлаб чиқариш бўйича тузган бизнес режамда 25-30 иш ўрни яратиш кўзда тутилган, – дейди Э.Ҳамроев. – Бироқ беш йилдан буён туманимиздан 15-20 сотих ер майдони олишга қийналаман. Бу масала бўйича туман ҳокимлиги ва тегишли ташкилотларга мурожаат қилавериб, чарчадим. Бугунги тадбирда соҳа ходимларидан зарур тавсиялар олдим. Бу йил мен ҳам албатта тадбиркор бўламан.
Тадбирда барча сектор вакиллари Савдо-саноат палатаси ходимлари билан биргаликда ишчи гуруҳ тузилиб, жойларда ҳафтада икки бор тадбиркорлар билан учрашиш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Абдулазиз Мусаев, ЎзА
Манба: ЎзА